ЕИ Ўзбекистондаги икки компанияга санкция қўллади
Европа Иттифоқи Ўзбекистондаги икки саноат компаниясини Россия ҳарбий саноатига боғлиқлик гумони билан санкциялар рўйхатига киритди.

Европа Иттифоқи 2026 йил 23 апрел куни Ўзбекистонда фаолият юритувчи икки компания — «Raw Materials Cellulose» ва «Фарғона кимё заводи»га нисбатан санкциялар жорий қилди. Қарорда ушбу корхоналарнинг Россия ҳарбий-саноат комплекси билан эҳтимолий алоқалари қайд этилган.
Фарғона кимё заводи
Маълумотларга кўра, Фарғона кимё заводи пахта селлюлозаси ишлаб чиқаради. Ушбу маҳсулот Россиядаги «Перм порох» ва «Қозон порох» заводларига етказиб берилади. Мазкур корхоналар селлюлозадан порох ва бошқа ҳарбий маҳсулотлар ишлаб чиқаришда фойдаланиши таъкидланмоқда.
ЕИ баёнотида айтилишича, завод ҳарбий технологиялар таъминоти занжирида иштирок этиш орқали Россиянинг ҳарбий салоҳиятини қўллаб-қувватлаши мумкин. Шу боис, уни санкциялар рўйхатига киритишга қарор қилинган.
Манбаларга кўра, Фарғона кимё заводи тадбиркор Рустам Мўминов назоратида. У аввалроқ, 2025 йил октябр ойидаёқ ЕИ томонидан санкцияланган шахслар рўйхатига киритилган эди.
«Raw Materials Cellulose» компанияси
«Raw Materials Cellulose» компанияси ҳам пахта селлюлозаси ишлаб чиқаради ва уни Россиядаги ҳарбий корхоналарга, жумладан «Тамбов порох» заводига етказиб беради. Бу маҳсулот порох ишлаб чиқаришда қўлланилади.
Шу сабабли ЕИ мазкур компанияни ҳам санкциялар рўйхатига қўшди. Қайд этилишича, ушбу корхоналарга аввалроқ Буюк Британия ва Украина томонидан ҳам чекловлар жорий этилган.
Шу билан бирга, халқаро ҳамжамият Россиянинг ҳарбий-саноат занжирларини чеклашга қаратилган чораларни кучайтиришда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Европа Иттифоқи Қирғизистонга нисбатан санкцияларни айланиб ўтишга қарши курашиш механизмини (anti-circumvention tool) илк бор қўллади. Европа Комиссияси маълумотларига кўра, энди Қирғизистонга рақамли дастур асосида бошқариладиган дастгоҳлар, шунингдек, маршрутизатор ва коммутаторлар каби телекоммуникация ускуналарини экспорт қилиш бутунлай тақиқланади.





