Йўл қурилишида лаборатория назорати бўйича янги тартиб жорий этилди
Автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлашда лаборатория синовларини ўтказишнинг ягона тартиби тасдиқланди. Янги талаблар иш сифати назоратини кучайтиришга қаратилган.
© yandexmapsАдлия вазирлиги автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда лаборатория синовларини амалга ошириш тўғрисидаги низомни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 20 июлда 3904-сон билан рўйхатга олинган.
Низом автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларининг йўл қурилишига оид ҳужжатларга мувофиқлиги ҳамда сифати лаборатория синовлари орқали қандай текширилишини белгилайди.
Ҳужжатга мувофиқ, пудрат ташкилоти бажарилган ишлар сифати устидан доимий лаборатория назоратини таъминлаши шарт. Агар пудратчининг ўз синаш лабораторияси бўлмаса, у шартнома асосида ташқи лабораторияни жалб қилиши мумкин.
Назорат кучайтирилади
Низомга кўра, буюртмачи автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини қабул қилиб олишда уларнинг сифати ва лойиҳа ҳужжатларига мувофиқлигини аниқлаш учун мустақил синаш лабораториясини жалб этади.
Бундай лаборатория албатта аккредитациядан ўтган бўлиши керак. Уни жалб қилиш «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талаблари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, буюртмачига пудрат ташкилотининг ўз лабораториясини ёки пудратчи жалб қилган лабораторияни қабул қилиш жараёнида қайта жалб этиш тақиқланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда транспорт муаммосини енгиллаштириш учун қарийб 100 километрлик ҳалқа йўли ва янги аэропортга олиб борувчи магистраль пулли йўллар қурилиши муҳокама қилинаётганлиги ҳақида хабар берилганди.





