“Бу мени ҳам таъбимни хира қилади” — Туризм қўмитаси раиси йўллардаги ҳожатхоналар аҳволи ҳақида
Ўзбекистонда АЁҚШлар, парк ва туризм масканларида 11 мингга яқин ҳожатхона бор. Уларнинг 4 мингтаси янги қурилган. Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов йўл ёқасидаги ҳожатхоналарнинг санитар ҳолати унинг ҳам «таъбини хира қилишини» айтиб, муаммони ечишда жамоатчилик назорати муҳимлигини таъкидлади.

15 май куни Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил қилинди. Тадбир давомида журналистлар томонидан хорижий ва маҳаллий сайёҳлар учун йўл бўйларида қурилиши кўп бор айтилган ва ҳамон муаммолигича қолаётган санитария-гигиена шохобчалари (ҳожатхоналар) масаласида савол билан мурожаат қилинди.
Қўмита раҳбари эса йўл бўйидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида қурилган ҳожатхоналарнинг аҳволи ҳақида гапираркан, АЁҚШ раҳбариятлари бундан даромад кўрмаслиги ва шу сабабли уларнинг муносабати яхши эмаслигини айтди.
“Ёнилғи қуйиш шохобчасининг асосий даромад манбаи бошқа йўналишда. Агар улар ҳожатхоналар орқали даромад топганида, уни обод қилиб қўярди. Шохобчалардаги ҳожатхоналар қайсидир маънода ҳукуматимиз топшириқлари асосида, қўшимча мажбурият сифатида жорий этилган”, — деди у.
Қўмита раиси бу масалани ҳал қилишда жамоатчилик назорати муҳимлигини ҳам қайд этди.
“Ҳақиқатан ҳам, йўл ёқасида қурилган ҳожатхоналарда таъбни хира қиладиган ҳолатлар бор. Кўп ҳолларда ўзим ҳам шунга гувоҳ бўламан. Бундай ҳолатларни биргаликда назорат қилишимиз кирак. Биламан, бу бўйича санитария тизимларига жавоб берадиган алоҳида ташкилотлар ва республика ишчи гуруҳлари бор. Улар ҳожатхоналарни бориб кўрганида, ҳамма нарса чиройли бўлади. Балки ўша пайтга тайёргарлик кўришар ёки бошқа, бунинг аниғини билмайман. Лекин ўз кўзим билан кўрганимда, юқоридаги айтганимдек, таъбни хира қилувчи ҳолатлар юзага келади. Бунга фақатгина жамоатчилик билан бирга курашилмаса, натижага эришиш қийинроқ бўлади”, — деди қўмита раҳбари Абдулазиз Аққулов.





