Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов банк тизимига қайтди

Бугун 18:462 дақиқа

Воитовнинг Vaqt.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилишича, у олти ойдан буён «Ҳаёт Банк» АЖда маслаҳатчи сифатида ишлаб келмоқда.

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов банк тизимига қайтди © Foto: hayotbank

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги собиқ вазири Азиз Воитов банк тизимига қайтди. У айни пайтда «Ҳаёт Банк» акциядорлик жамиятида маслаҳатчи лавозимида фаолият юритмоқда. Бу ҳақда собиқ вазирнинг ўзи «Vaqt.uz» нашри мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Воитовнинг тасдиқлашича, унинг мазкур молия муассасасидаги фаолият бошлаганига олти ой бўлган.

Воитов карераси

Азиз Воитов 1980 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти: олий, Тошкент молия институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки турли лавозимларда ишлаган (2000-2017 йй), 2017-2020 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк» AТБ Бошқаруви Раиси вазифасини бажарувчи лавозимларида ишлаган.

2020–2022 йилларда — Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари (ўша пайтдаги вазир Сардор Умурзоқовнинг ўринбосари сифатида); 2022 йил августдан 2023 йил октябрга қадар эса Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири сифатида фаолият кўрсатган.

Жиноят иши ва суд ҳукми

У 2023 йилнинг октябрида лавозимидан озод этилган ва ўша йилнинг декабр ойида унга нисбатан иқтисодий жиноятлар ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айблови билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олингани маълум қилинган эди.

2025 йил 15 августда жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди ҳукми билан у талон-торож қилиш ва бошқа моддалар бўйича айбли деб топилган. Суд жараёнида моддий зарар тўлиқ қоплангани боис унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо — 3 йил муддатга раҳбарлик лавозимларини эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, жарима ва 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари тайинланган.

Теглар

Мавзуга оид