Зумерлар ва миллениалларнинг учдан бири совға сифатида криптовалюта олишни истайди – сўровнома
АҚШнинг «Pollfish» компанияси ўтказган сўровномада «Z авлод» вакилларининг 31 фоизи ва миллениалларнинг 34 фоизи совға сифатида криптовалюта олишдан хурсанд бўлишини билдирган.

АҚШдаги «Pollfish» компанияси бумерлар, миллениаллар ва зумерлардан криптовалюта бўйича сўровнома ўтказган. Сўров натижаларидан олдин бу уч авлод вакилларини фарқлаб олсак:
Бумерлар Иккинчи жаҳон урушидан кейинги демографик «беби-бум» даврида (тахминан 1946-1964 йилларда) туғилган авлод бўлиб, анъанавий иш модели ва барқарор даромадни қадрлайди. Улар янги технологияларга нисбатан эҳтиёткорроқ бўлади, аммо кейинги йилларда рақамли хизматларни ҳам ўзлаштирмоқда.
Миллениаллар тахминан 1981-1996 йилларда туғилган авлод бўлиб, улар интернет ривожланиши даврида ўсган, рақамли трансформацияни ёшликда қабул қилган. Улар карера ва шахсий ҳаёт мувозанатига эътиборли, стартаплар ва янги технологияларга қизиқувчан бўлади, онлайн тўловлар, электрон тижорат ва мобил иловаларни фаол қўллайди.
Зумерлар («Z авлод») тахминан 1997-2012 да туғилган авлод бўлиб, улар интернет ва смартфонлар даврида ўсган илк тўлиқ рақамли авлод ҳисобланади. Бу авлод ижтимоий тармоқлар, қисқа видео контент, онлайн таълим ва фриланс маданиятига мослашган. Улар молиявий технологиялар (масалан, криптовалюта) ва рақамли хизматларга очиқ.
Зумерлар нима танлайди?
Зумерларнинг 13 фоизи камида бир марта учрашув пайтида криптовалюта билан тўлов қилганини айтган.
Криптовалютани тўлов воситаси сифатида қўлламаслик сабаблари ёшга қараб фарқ қилади. Зумерлар учун асосий муаммо – товар ва хизматлар учун криптовалюта билан тўлаш имкониятининг ўзи йўқлиги (37%). Бумерлар авлоди вакиллари учун эса бундай тўлов усули ҳақида ўйлашнинг ўзи ноқулайлик туғдириши (65%) асосий тўсиқ ҳисобланади.
Сўровда қатнашганларнинг 29,5 фоизи аллақачон криптоактивларга эгалик қилгани ёки аввал уларга инвестиция киритганини маълум қилган.
Сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпи (эркакларнинг 55 фоизи ва аёлларнинг 49 фоизи) криптовалюта ва рақамли ҳамёнлар ҳақида билимга эга бўлиш инсонни жуфт сифатида жозибалироқ қилади, деб ҳисоблайди. 17 фоиз иштирокчи эса рақамли активларга эгалик қилиш жозибадорликни сезиларли даражада оширади, деб ўйлайди.
Бу фикрни миллениалларнинг 30 фоизи, зумерларнинг эса 28 фоизи қўллаб-қувватлаган.
Криптовалютага қизиқиш
Рақамли активларга энг катта қизиқиш, табиийки, ёшлар орасида кузатилган.
Миллениалларнинг 66 фоизи ва зумерларнинг 65 фоизи криптовалюталар ҳақида билим фойдали, деб ҳисоблайди. Қиёс учун, бумерлар орасида бу кўрсаткич атиги 37 фоизни ташкил этган. Эркакларнинг 50 фоизи ва аёлларнинг 35 фоизи криптовалютага қизиқиш ёки «ҳамёнлар мослиги»га қараб жуфт танлайдиган танишув иловасини синаб кўришга қарши эмаслигини билдирган.
Энг юқори қизиқиш ёш эркаклар орасида қайд этилган: зумер йигитларнинг 65 фоизи ва миллениал эркакларнинг 64 фоизи бундай иловаларга қизиқиш билдирган. Шунингдек, зумер қизларнинг 53 фоизи ва миллениал аёлларнинг 48 фоизи ҳам бундай ғояни қўллаб-қувватлаган.
Шу билан бирга, «National Cryptocurrency Association» (NCA) ва тўлов компанияси «PayPal» ўтказган сўров натижасига кўра, ҳар олтинчи америкалик Рождество байрамида анъанавий пулли совға карталари ўрнига криптовалюта олишни исташини маълум қилган.





