add

1 февралдан профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади

Бугун 10:392 дақиқа

Янги тизим зўравонликка учраган ва ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолган болаларни вақтинча оила муҳитида ҳимоя қилишни назарда тутади.

1 февралдан профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади

2026 йил 1 февралдан бошлаб зўравонлик оқибатида оиласидан олинган, ўз ҳаёти ва соғлиғига таҳдид мавжуд бўлган ҳамда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда қолган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати жорий этилади. Ушбу механизм болани институционал муассасага жойлаштирмасдан, хавфсиз оила муҳитида вақтинча парваришлашга қаратилган.

Тутинган оилаларни тайёрлаш тартиби

Профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар махсус ўқув дастурлари асосида тайёрланади. Бу дастурлар зўравонлик натижасида болада юзага келган руҳий жароҳатларнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атвордаги оғишишларни бартараф этиш ҳамда оила аъзолари ва тенгдошлар билан муносабатларни тиклашга қаратилган ижтимоий-реабилитация чораларини ўз ичига олади.

Болаларни жойлаштириш механизми

Ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилаларга «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали жойлаштирилади. Бу жараён марказлар ва тутинган оилалар ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Молиявий таъминот

Профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир бола учун ойига Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади. Шу билан бирга, боланинг кундалик яшаш харажатлари учун қонунчиликда оилавий болалар уйи тарбияланувчиларига белгиланган меъёрлар асосида қўшимча маблағ ажратилади.

Хизмат қайси ҳудудларда жорий этилади?

Дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида ушбу тизим асосида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади. 2026 йил якунига қадар эса бу тажриба республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид