1 июндан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради

16.01.2026 | 10:162 дақиқа

Ҳукуматнинг ўтган йилги қарорида ҳар йили 1-майдан электр ва табиий газ нархлари 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилиши белгиланган эди.

1 июндан электр энергияси ва табиий газ тарифлари ўзгаради © Shutterstock

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини белгилаш тўғрисида»ги қарори билан 2026-йил 1-июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун электр энергиясининг 1 кВт соати 1 100 сўм этиб белгиланди. IV гуруҳ истеъмолчилари учун ҳам электр энергиясининг 1 кВт соати 1 100 сўмни ташкил этади.

III гуруҳ, шу жумладан аҳоли учун табақалаштирилган тарифлар сақлаб қолинди.

Хусусан, овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталар билан жиҳозланган кўп квартирали уйлар ва ётоқхоналарда яшовчи аҳоли учун:

— ойига 200 кВт соатгача — 325 сўм;
— 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача — 450 сўм;
— 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача — 550 сўм этиб белгиланди.

Қолган маиший истеъмолчилар учун эса:

— ойига 200 кВт соатгача — 650 сўм;
— 201 кВт соатдан 500 кВт соатгача — 900 сўм;
— 501 кВт соатдан 1 000 кВт соатгача — 1 100 сўм бўлади.

Юқори ҳажмдаги истеъмол учун оширилган коэффициентли тарифлар сақланиб қолади.

Табиий газ

Табиий газ бўйича барча истеъмолчилар учун (алоҳида тоифалардан ташқари) 1 куб метр газ нархи 2 000 сўм этиб белгиланди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун тариф 1 куб метр учун 2 750 сўмни ташкил этади.

Аҳоли учун табиий газ тарифлари ҳам табақалаштирилган тартибда сақланиб, иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача, бошқа мавсумларда эса 100 куб метргача истеъмол учун 1 куб метр газ 1 100 сўмдан ҳисобланади.

Қарор билан энергия ресурсларини етказиб беришдаги йўқотишларни қисқартириш, энергия самарадорлигини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилаш бўйича қўшимча вазифалар ҳам белгиланди.

Маълумот учун, ҳукуматнинг 2025-йил 31-мартдаги қарорига мувофиқ, электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда индексация қилиб борилади.

Амалдаги нархлар

2025-йил 1-апрелдан аҳоли учун электр энергияси тарифлари истеъмол ҳажмига қараб қуйидагича белгиланган:

ойига 200 кВт/соатгача — 1 кВт/соат учун 600 сўм;
201 дан 500 кВт/соатгача — 800 сўм;
501 дан 1000 кВт/соатгача — 1000 сўм;
1001 дан 5000 кВт/соатгача — 1500 сўм;
5 001 дан 10 000 кВт/соатгача — 1750 сўм;
Ойига 10 001 кВт/соат ва ундан юқори — 2000 сўм.

Ноябрдан февралгача бўлган иситиш мавсумида жисмоний шахслар учун табиий газ тарифлари:

ойига 500 куб метргача — куб метри учун 1000 сўм;
ойига 501 куб метрдан 2500 куб метргача — 1800 сўм;
ойига 2 501 куб метрдан 5 000 куб метргача — 2100 сўм;
ойига 5 001 куб метрдан 10 000 куб метргача — 2500 сўм;
ойига 10 000 куб метр ва ундан юқори — 3000 сўм.

Мартдан октабргача бўлган даврда маиший истеъмолчилар қуйидаги тарифларни тўлайди:

ойига 100 куб метргача — куб метри учун 1000 сўм;
ойига 101 куб метрдан 2500 куб метргача — 1800 сўм;
ойига 2 501 куб метрдан 5 000 куб метргача — 2100 сўм;
ойига 5 001 куб метрдан 10 000 куб метргача — 2500 сўм;
ойига 10 000 куб метр ва ундан юқори — 3000 сўм.

Теглар

Мавзуга оид