
10 ой давомида энг кўп Cobalt автомобили ишлаб чиқарилган
Ўзбекистонда 2025 йилнинг январ-октабр ойларида турли русумдаги 370 000 дона енгил автомобиллар ишлаб чиқарилган.

Миллий статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–октабр ойларида мамлакатда 370 мингдан зиёд енгил автомобиллар ишлаб чиқарилди.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 30,2 минг донага кўп бўлиб, маҳаллий автомобилсозлик тармоғидаги барқарор ўсишни акс эттиради.
Ҳисобот даврида ишлаб чиқарилган автомобиллар орасида Cobalt модели етакчилик қилди. Жами 131 769 дона Cobalt ишлаб чиқарилиб, умумий ҳажмнинг салмоқли қисмини эгаллади. Мазкур модел бозордаги талаб юқорилиги билан ажралиб туриб, 2025 йилда ҳам ички сотувлар сегментида устуворлигини сақлаб қолмоқда.
Ишлаб чиқариш ҳажми бўйича иккинчи ўринни Damas модели эгаллади — 75 846 дона.
Шунингдек, Tracker модели 40 034 дона, Onix эса 25 599 дона миқдорда йиғилди. Бундан ташқари, хорижий брендлар ҳам ички конвеерда ўз ўрнини мустаҳкамламоқда: KIA — 21 970 дона, Chery — 7 771 дона, Haval — 7 654 дона, BYD — 15 010 дона ишлаб чиқарилгани қайд этилди.
Йил давомида Танк 500 моделидан 500 дона автомобил тайёрланган. Шунингдек, 44 297 дона махсус енгил автомобиль ишлаб чиқарилгани ҳам статистикада акс этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UzAuto Motors 3 ноябрда сотувга қўйган 100 мингта Chevrolet Cobalt учун 7 кунлик муддатда бор-йўғи 20 минг 833 та автомобиль учун тўлов амалга оширилган, қолган шартномалар эса бекор қилингани, компания сотилмаган автомобилларнинг кейинги сотув жараёни ҳақида маълумот берган эди.





