add

10 ой ичида оиладаги зўравонлик учун 10 мингдан ортиқ киши жавобгарликка тортилди

28.11.2025 | 17:001741 дақиқа

Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов 2025 йилда оилалардаги зўравонлик ҳолатлари бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилганлар сони ўтган йилга нисбатан сезиларли камайганини маълум қилди.

10 ой ичида оиладаги зўравонлик учун 10 мингдан ортиқ киши жавобгарликка тортилди

Ўзбекистонда 2025 йил январ–октябр ойлари давомида оиладаги зўравонлик учун 10 003 нафар фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59−2-моддаси асосида жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълумот берди.

Маълумотларга кўра, 2024 йилда январ–октябр ойларида оиладаги зўравонлик учун жавобгарликка тортилганлар 15 427 нафарни ташкил этган. Шундан маъмурий жазо олганлар орасида 9210 киши жаримага, 6217 киши маъмурий қамоққа тортилган.

Шунингдек, 2025 йил январь–октябрда 381 нафар шахс Жиноят кодексининг 126−1-моддаси асосида судланган. 2024 йилнинг шу даврида эса жиноий жавобгарликка тортилганлар сони 399 нафарни ташкил этган.

Маълумот учун, 2023 йил апрелида аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик кучайтирилган, маъмурий ва жиноий кодексларга оилавий зўравонлик бўйича янги моддалар киритилган эди. Ўша йили 203 нафар шахс Жиноят кодекси бўйича судланиб, 59 нафари қамоқ жазосини олган, 8928 киши эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ 2024 йилда ҳалок бўлган 83 минг аёл-қизнинг 60 фоизи ўз турмуш ўртоғи ёки қариндошлари томонидан ўлдирилгани, яъни бу ҳар 10 дақиқада бир нафар қотиллик юз бераётганлигини айтган эди.

Теглар

Мавзуга оид