16,4 млрд сўмлик давлат харидларда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди
Давлат харидлари жараёнида миллиардлаб сўмлик битимлар рақобат талабларига зид тарзда ўтказилгани маълум бўлди.

Давлат харидлари мониторингида бир қатор ҳудудларда рақобатни чекловчи ҳолатлар фош этилди.
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган мониторинг ва келиб тушган мурожаатлар таҳлили натижасида 16,4 млрд сўмдан ортиқ давлат харидларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, буюртмачи ташкилотларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди.
Қўмита маълумотига кўра, қонунбузилишлар Андижон, Жиззах, Наманган, Навоий, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида қайд этилган. Энг йирик ҳолат Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон миллий метрология институти» давлат муассасаси томонидан амалга оширилган 13,1 млрд сўмдан ортиқ харидда аниқланган.
Шунингдек, Хоразм вилоятидаги Ҳазорасп туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимида 1,1 млрд сўмдан ортиқ, Қашқадарё вилоятидаги Руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази филиалида қарийб 500 млн сўмлик, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида эса бир неча юз миллион сўмлик харидларда қонун талаблари бузилгани маълум қилинди.
Ўрганишлар давомида «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 29-моддаси талабларига риоя этилмагани, яъни савдоларда рақобатни чекловчи ёки чеклашга олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлар содир этилгани аниқланган.
Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан ишлар қўзғатилиб, белгиланган тартибда таъсир чоралари қўлланилди. Буюртмачи ташкилотларга қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида такрорланишига йўл қўймаслик бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Қўмита таъкидлашича, давлат харидларида шаффофлик ва адолатли рақобатни таъминлаш бюджет маблағларидан самарали фойдаланишнинг асосий шарти ҳисобланади.





