165 млрд долларлик лойиҳалар махсус назоратга олинади — Президент

16.02.2026 | 08:582 дақиқа

Президент Ш.Мирзиёев 165 млрд долларлик 377 стратегик лойиҳага алоҳида назорат жорий этилишини билдирди. Янги тизим корхоналарни ишга тушгандан кейин ҳам кузатади. Бу нима англатади?

165 млрд долларлик лойиҳалар махсус назоратга олинади — Президент

13 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Унда жорий йилда 50 млрд долларлик хорижий инвестиция жалб қилиш режаси белгилангани қайд этилди. Давлат раҳбари инвестиция излаш ва лойиҳаларни амалга оширишда бошқарув ёндашувларини ўзгартириш зарурлигини таъкидлади.

Президент янги лойиҳалар юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқариши, экспорт салоҳиятини ошириши ва юқори даромадли иш ўринлари яратиши шартлигини билдирди. Шу билан бирга, айрим ҳудудларда ички бозорнинг тўйинган сегментларига йўналтирилган ташаббуслар танқид қилинди. Масалан, Наманганда 40 млн долларга яна икки ип-калава заводи қуриш режаси муҳокама қилинди, ҳолбуки, вилоятда бу каби 24 корхона мавжуд.

2025 йилда ТЭА ишлаб чиқиш, ускуна етказиб бериш ва инфратузилма билан боғлиқ муаммолар сабаб 55 йирик лойиҳа кечиктирилган. Шу боис 2026 йилда 165 млрд долларлик 377 стратегик лойиҳа махсус назоратга олинади.

 

Янги назорат тизими

Инвестиция лойиҳалари бўйича янги назорат механизми жорий этилади. У фақат корхонани ишга тушириш билан чекланмай, балки унинг фаолияти, қўшилган қиймат яратиши ва ташқи бозорларга чиқишини ҳам қамраб олади.

Бу мақсадда «Ягона миллий лойиҳа бошқаруви» платформаси яратилади. У орқали давлат инвестиция дастурига киритилган ҳар бир лойиҳа ишга тушгандан кейин 3 йил давомида кузатиб борилади.

Айрим ҳудудларда инвестиция самарадорлиги пастлиги қайд этилди. Бухоро, Сирдарё, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ҳар 10 долларлик инвестицияга атиги 1 долларлик қўшилган қиймат тўғри келмоқда. Шу муносабат билан 2026 йил инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни бозор таҳлили, экспорт истиқболлари ва иш ўринлари бўйича қайта кўриб чиқиш топширилди.

 

Инвестиция ва интизом

Президент 2025 йилда хорижий ташрифлар доирасида 135 млрд долларлик келишувлар имзоланганини эслатди. Жорий йил бошидан Туркия билан 9 млрд, Покистон билан эса 1,4 млрд долларлик инвестиция бўйича келишувларга эришилган.

Давлат раҳбари амалдорларни лойиҳаларни сунъий кечиктиришга йўл қўймасликка чақирди. Энди асосий мезон — лойиҳанинг миқдори эмас, унинг қўшилган қиймат яратиши ва экспортга чиқиш салоҳияти бўлади.

Теглар

Мавзуга оид

165 млрд долларлик лойиҳалар махсус назоратга олинади — Президент | Vaqt.uz