add

170 млн сўмдан 600 млн сўмгача: Ўзбекистонда ўртача ипотека миқдори қанча?

11.12.2025 | 19:202743 дақиқа

Имтиёзли шартларда ипотека олган ўртача оила бир ойлик даромадининг 60 фоиздан кўпроғини унинг тўловига сарфлайди. Банклар таклиф қилаётган шартларда эса бу кўрсаткич деярли 90 фоизга етади.

170 млн сўмдан 600 млн сўмгача: Ўзбекистонда ўртача ипотека миқдори қанча?

Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси томонидан тақдим қилинган Ўзбекистон уй-жой ва ипотека бозори таҳлилий ҳисоботи сўнгги беш йилда кўчмас мулк бозоридаги вазият қандай ўзгарганини тушунишга ёрдам беради. 

Уйлар нархи ошиб бораётгани сабаб, ҳар йили ажратилган ипотека кредити миқдори ҳам ўсиб бормоқда. Бироқ реал вазиятни кўриш учун ипотека кредити олувчилар сонига қараш керак. 

Уларнинг сони 2024 йилда сезиларли пасайиб кетган эди. Бу йилга келиб вазият бироз яхшиланди, лекин ҳамон 2023 йилги рақамларга етиб борилгани йўқ. 

Масалан, 2024 йилнинг 9 ойида 43 мингга яқин одам ипотека кредити олган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 50 мингдан ошди. Бироқ 2023 йилда рекорд даражада — 53,5 минг киши ипотека кредити олганди. 

 

Ўртача ипотека кредити қанчадан тўғри келмоқда?  

2021-2024 йилларда янги уйлар (бирламчи бозор) учун ажратилган ипотека кредитларининг ўртача миқдори 156 млн сўмдан 265 млн сўмга етди. Бу даврда эски уйлар (иккиламчи бозор) учун олинган ипотека миқдори секинроқ ўсди — 163 млн сўмдан 263 млн сўмгача. 

ipoteka 01

Шу тариқа 2021 йилда эски уйлар учун кўпроқ миқдорда кредит олишга тўғри келган бўлса, 2024 йилга келиб янги уйлар учун ипотека кредитлари бироз ўтиб кетди. 

Ҳудудлар кесимида янги уйлар учун ўртача ипотеканинг энг кам миқдори Хоразмга тўғри келди — 233 млн сўм. Эски уйлар бўйича Қорақалпоғистон (168 млн) энг паст рақамга эга бўлди. 

Эски уйлар бўйича Тошкент шаҳри кутилганидек етакчи бўлди. Пойтахтда 2024 йилда ўртача 614 млн сўмдан ипотека кредити ажратилган. 

Бироқ янги уйлар бозорида кутилмаганда Тошкент шаҳридан (268 млн) 5 та вилоят ўтиб кетди. Бу ерда етакчилар Андижон (287 млн), Самарқанд (286 млн) ва Наманган (282 млн) вилоятлари бўлиб турибди. 

2022 йилда Тошкент шаҳри бирламчи бозордаги олинган ўртача ипотека миқдори бўйича анча олдинда эди. Аммо пойтахт ҳудудининг кенгайиши, янги қурилишлар кўпайиши ва бунинг ортидан четроқ ҳудудларда арзонроқ уйларни ипотека кредитига олиш имконияти кўпайгани ўртача кўрсаткич пасайишига олиб келди. 

 

Даромадлар секинроқ ўсмоқда

Ўзбекистонда сўнгги йилларда аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш мақсадида имтиёзли ипотека дастури йўлга қўйилган. Бунда янги уйлар учун 17-18 фоиздан ипотека кредити ҳудудларга қараб 330-420 млн сўмлик лимит билан берилади. 

Имтиёзли шартларда ўртача ипотека тўлови–даромад нисбати (МПИР) мамлакат бўйича 62 фоиз атрофида. Бу дегани, ўртача оила бир ойлик даромадининг 60 фоиздан бироз ортиғини ипотека тўловига сарфлайди. Банклар таклиф қилаётган бозор ставкаларидаги ипотека кредитларида эса бу кўрсаткич деярли 90 фоизга етади. 

Нарх-даромад нисбати ҳудудлар бўйича кескин фарқ қилади. Кам фоизли ипотека кредитларида бу кўрсаткич Тошкентда 31 фоиз бўлса, Наманганда 85 фоизни ташкил қилади. Бозор ставкаларида эса айрим ҳудудлардаги оилалар 90 фоиздан ошиқ даромадини ипотекага сарфлашига тўғри келади. 

Кам фоизли ипотека кредитлари ва бозор шартларида банклар ажратаётган ипотека кредитлари ўртасида яхшигина фарқ бор. 

Ўртача ойлик ипотека тўлови 17 фоиз ставкада 3,6–6,2 млн сўм, 25 фоиз ставкада эса 5,1–10,9 млн сўм оралиғида бўлади. Яъни фоиз ставкаси ошганда тўловлар ҳар ойда қўшимча 4,7 млн сўмгача кўтарилади.

Шунингдек, 2021-2024 йилларда янги уйларнинг ўртача ипотекаси 70 фоизга қимматлаган. Бу даврда ўзбекистонликларнинг расмий даромадлари камроқ — 66,7 фоизга ўсган. 

 

Уйлар нархи пасаймоқда

Бир неча йил давом этган тез нарх ўсишидан сўнг, 2024-2025 йилларда Ўзбекистоннинг уй-жой бозори аста-секин пасайиш босқичига ўтди.

Кредит олиш шартларининг қийинлашиши, ипотека фоиз ставкаларининг ошиши ва аҳолининг қарздорлиги кўпайгани сабабли, бирламчи ва иккиламчи бозорларда нархлар бир вақтнинг ўзида пасая бошлади. 

ipoteka 02

Бозор ўз чўққисига 2024 йилнинг иккинчи чорагида етди: ўша пайтда бирламчи бозор индекси 172, иккиламчи бозор индекси эса 182 даражага чиқди (графикка қаранг). 

Шундан сўнг бозор пасайиш босқичига кирди. 2025 йилнинг учинчи чорагига келиб, нархлар 2024 йилнинг энг юқори даражасига нисбатан бирламчи бозорда 4,5 фоиз, иккиламчи бозорда эса 8,3 фоизга камайди. Бу икки сегментда бир вақтнинг ўзида пасайиш бошланди.

Фозил Қамбаров тайёрлади.

 

 

Теглар

Мавзуга оид