
180 давлат бирлашмоқда: Биткойнга рақиб — токенлашган олтин лойиҳаси
Дубайдаги DMCC раҳбари Сулайемга кўра, Биткойн ҳақиқий актив эмас. Шу сабаб, 180 давлат иштирокидаги ташкилот олтинни рақамлаштириш устида иш бошлади.

Дубай Кўплаб Товарлар Маркази (DMCC) раҳбари Аҳмад бин Сулайемга кўра, олтин бозори биткойн билан боғланишидан норози. Унинг таъкидлашича, токенлашган олтин, яъни рақамли олтин ёки «олтин коини» Биткойнга яқин самара бера олади.
Бин Сулайем бу ҳақда Истанбулдаги семинарда маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, олтин кончилари, сотувчилари ва молиячиларининг катта қисмини бирлаштирган Олтин Кенгаши яқинда 24–25 ноябр кунлари Дубайда бўлиб ўтадиган конференцияда айнан шу масалани муҳокама қилади, деб хабар бермоқда Sozcu нашри.
У, шунингдек, сунъий ёки лабораторияда етиштирилган олмослар ҳам токенлаштирилиши мумкинлигини билдирди. Бироқ бу турдаги рақамли олмослар учун махсус фатво ва ҳалоллик сертификати талаб қилиниши мумкин.
Бин Сулайем келажакда тоза ичимлик суви ҳам товар бозорида муҳим активга айланиши мумкинлигини айтди. Унга кўра, DMCC бунга оид Aqua Index билан ҳамкорликда сувни товар сифатида баҳолаш ишларини бошлаган.





