1972 йилдан буён ўтган 54 йил ичида инсоният илк бор яна Ой сари парвоз қилди.

Бугун 17:373 дақиқа

Хўш, бу парвоздан кўзланган мақсадлар нима? Шу ҳақида гаплашамиз.



2 апрел куни Флоридадаги Канаверал бурнидан Американинг тўрт нафар астронавти бўлган «Орион» космик кемаси «Артемис-2» миссияси доирасида Ой томон муваффақиятли старт олди.

Космик кема бортидан тўрт астронавт — Рид Уайсмен, Виктор Гловер, Кристина Кук ва Жереми Ҳансен ўрин олган.

Бу Ой томонга амалга оширилган илк бошқариладиган парвознинг трансляцияси NASA’нинг «YouTube» каналида жонли намойиш этилди.

Келажакда сайёрамизнинг табиий йўлдошга қўниш билан боғлиқ янги бошқариладиган парвозлар режалаштирилган.

1962 йилдан 1972 йилгача «Аполлон» космик кемаси миссиялари давомида 6 марта Ой сиртига муваффақиятли қўнишлар амалга оширилган. Жами 12 нафар астронавт Ой сиртида бўлиб қайтган.

Бу сафарги миссия Ойга қўнишни назарда тутмайди. Унинг доирасида кема Ой атрофида бир марта айланиб чиқади ва Ой юзасидан 7,5 минг км масофада учиб ўтади. Бутун парвоз тахминан 10 кун давом этади. Асосий вазифа — узоқ космос шароитида «Орион» тизимларини текширишдан иборат.

Инсоният 1972 йилдан бери «Аполлон» дастури доирасидаги сўнгги қўнишдан буён Ойга парвоз қилмаётган эди. Ер йўлдошига парвозлар тўхтатилишининг асосий сабаби сифатида ўшанда бу уринишларнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмаслиги кўрсатилган.

Бунгача АҚШ, 1961 йилда коинотга биринчи бўлиб инсонни юборган СССР билан космик пойга доирасидаги мафкуравий қарашлардан келиб чиқиб, «Аполлон» дастурига улкан маблағлар йўналтирган эди.

Ой — логистика ҳаби

Ердан коинотга парвозларни амалга ошириш жуда қимматга тушади, чунки Она сайёрамиз катта массага ва кучли тортишиш кучига эга. Ракета Ердан узилиб, орбитага учиб чиқиши учун унинг тахминан таркиби 90–95 фоиз ёқилғидан иборат бўлади, фойдали юк ҳиссасига эса атиги 5–10 фоиз тўғри келади. Бундан ташқари, космик кема зич атмосфера қаршилигини енгиб ўтишига тўғри келади.

Ойдаги гравитация Ердагига қараганда олти баравар кучсизроқ. Амалиётда бу ёқилғи сарфининг камайиши ҳисобига космик парвозлар харажатларини қисқартиришни англатади. Ой атмосфераси Ерникидан 10 триллион баравар сийракроқ бўлиб, бу техник жиҳатдан парвозларни осонлаштиради.

Асосий қийинчилик — Ердан етказиб бериш мақсадга мувофиқ бўлмаган ракета ёқилғисини олишдир.

Ой қутблардаги доим сояда бўлган кратерларда катта миқдордаги сув музлари захиралари аниқланган. Сувдан электролиз усули билан нафақат нафас олиш учун кислород, балки космик кемаларни тўлдириш учун водород ҳам олиш мумкин. Агар ёқилғи қазиб олиш ишлари жойида йўлга қўйилса, кучсиз гравитация туфайли Ойдан бошқа жойларга учишни янада ихчам аппаратларда амалга ошириш имкони туғилади.

Натижада, Ой ўзига хос космик ёқилғи қуйиш шохобчаси ва узоқ космосни ўрганиш, жумладан, Марсга ва Қуёш тизимининг бошқа сайёраларига парвоз қилиш учун трамплинга айланиши мумкин.

Бошқа сабаблар

Астрономия учун идеал жой: Ойнинг орқа томони — Ернинг радиошовқинларидан ҳимояланган ягона жой. У ерда ўта сезгир радиотелескопларни жойлаштириш Коинотнинг Ердан ва ҳатто «Жеймс Уэбб» космик телескопидан кузатиш имкони бўлмаган узоқ ҳудудларини ўрганиш имконини беради.

Марс олдидаги машғулот полигони: Марсга парвоз 7–9 ой давом этади, Ой эса атиги уч кунлик парвоз масофасида жойлашган.

Ой базаси: Унинг яратилиши Халқаро космик станциядан 2–2,5 баравар қимматроққа тушиши мумкин. Базани космик радиациядан ҳимоя қилувчи табиий ғорларда жойлаштириш мумкин.

Ер тарихини ўрганиш: Кенг тарқалган фаразларга кўра, Ой Ернинг Марс катталигидаги сайёра билан тўқнашуви натижасида ҳосил бўлган, бироқ бу назария шубҳа остига олинмоқда. Ой юзасини ўрганиш Ернинг ўтмишини яхшироқ тушунишга ёрдам бериши мумкин.

Фойдали қазилмалар: Ойда термоядровий синтез учун потенциал ёқилғи бўлган гелий-3, шунингдек, турли металлар, жумладан, титан бўлиши мумкин. Бироқ ҳозирги вақтда уларни қазиб олиш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас ва келажак учун захира сифатида кўрилмоқда.

Айни пайтда «Артемис-2» космик кемаси Ой орбитасини айлниб ўтиб, унинг орқа томонини суратга олиб, Ер томон қайтмоқда.

Келгуси «Артемис-3» миссияси 2028 йилга мўлжалланган ва унда астронавтларнинг Ой сиртига тушиши мўлжалланмоқда.

Теглар

Шуҳрат Шокиржонов

Шуҳрат ШокиржоновМақолалар сони: 168

Барчаси

Мавзуга оид