1990-йиллар сценарийси такрорланиши мумкин: Россия дефолт остонасида

Кеча 10:552 дақиқа

Евроиттифоқнинг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Россиянинг молиявий ҳалокати муқаррар эканини эълон қилди.

1990-йиллар сценарийси такрорланиши мумкин: Россия дефолт остонасида

Европа Иттифоқининг санкциялар бўйича махсус вакили Дэвид О’Салливан Россия иқтисодиёти жиддий молиявий инқироз остонасида турганини билдирди.

Унинг таъкидлашича, бир неча йил давом этган халқаро санкциялар мамлакат молия тизимига катта босим ўтказиб, иқтисодий барқарорликни заифлаштирган.

10 март куни Германиянинг «Redaktionsnetzwerk Deutschland» медиагуруҳи нашрларига берган интервюсида дипломат Россиядаги асосий иқтисодий кўрсаткичлар хавотирли даражага етганини айтди. Унинг фикрича, узоқ муддатли чекловлар оқибатида мамлакат иқтисодиёти рецессияга кириб бормоқда.

Бюджет ва банк тизимида муаммолар

О’Салливан Россия давлат бюджети жиддий муаммоларга дуч келаётганини, инфляция даражаси юқорилиги ва фоиз ставкалари кескин ошганини таъкидлади.

Дипломатнинг сўзларига кўра, кўплаб саноат корхоналари ҳарбий эҳтиёжларни молиялаштириш учун катта миқдорда кредитлар олган. Бироқ ҳозирда улар бу қарзларга хизмат кўрсатишда қийинчиликка дуч келмоқда. Шу сабабли банк тизимида қайтарилиши қийин бўлган қарзлар миқдори ортиб бормоқда.

Россия иқтисодиёти жуда тез қулайди

О’Салливан Россия 1990-йиллар охирида кузатилган молиявий дефолтга ўхшаш ҳолатга яқинлашмоқда, деган фикрни билдирди. Унинг айтишича, Украинадаги урушни давом эттириш сиёсати иқтисодий босимни янада кучайтирмоқда.

«Россия иқтисодиёти аввалига жуда секин, кейин эса жуда тез қулайди», — деб таъкидлади дипломат.

Шу билан бирга, у санкциялар дарҳол ҳарбий ҳаракатларни тўхтатмаслигини, аммо вақт ўтиши билан Россиянинг ҳарбий имкониятларига таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.

Теглар

Мавзуга оид