Logo

$20 минглик «темир» бекатлар машмашаси: Жамоатчиликнинг эътирози ортидан Антикоррупция агентлиги текширув бошлади

Бугун 08:004 дақиқа

Ўрганишлар давомида жорий йилнинг май-июн ойларида топширилиши керак бўлган 120 та бекатдан бирортаси ҳам тайёр эмаслиги аниқланган.

$20 минглик «темир» бекатлар машмашаси: Жамоатчиликнинг эътирози ортидан Антикоррупция агентлиги текширув бошлади © t.me/antikor_uzb

Тошкент шаҳридаги 1 785 та автобус бекатини янгилаш лойиҳаси доирасида 2026 йил май–июн ойларида фойдаланишга топширилиши керак бўлган 120 та бекат белгиланган муддатда топширилмагани маълум бўлди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.

Агентлик ўтказган ўрганишлар давомида кўплаб бекатларда қурилиш-монтаж ишлари якунланмагани, зарур жиҳозлар тўлиқ ўрнатилмагани ҳамда режалаштирилган 120 та бекатнинг бирортаси бўйича ҳам қабул қилиш далолатномаси расмийлаштирилмагани аниқланди.

Лойиҳа қандай бошланган эди

Президентнинг ПҚ–111 ва ПҚ–368-сон қарорларига мувофиқ, пойтахтдаги 1 785 та автобус бекатини белгиланган талаблар асосида модернизация қилиш мақсадида тегишли мулкий мажмуаларни — шу жумладан, автобус бекатлари, улар жойлашган ер участкалари ва иншоотларни — ижара ҳуқуқи асосида «Э-аукцион» электрон савдо платформасига чиқариш вазифаси юклатилгани маълум қилинди. Қарорга кўра, бекатларни реконструкция қилиш ва янги намунавий бекатларни ўрнатиш билан боғлиқ барча ишлар электрон аукцион ғолибининг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

2025–2026 йилларда ўтказилган электрон аукционларда 266 та бекат жойлашган ер майдонлари ҳамда қўшимча 230 та ижтимоий бекат қуриш бўйича «Ewi snacks» МЧЖ ғолиб деб топилиб, тегишли ижара шартномалари имзолангани қайд этилди. Тасдиқланган жадвалга кўра, 2026 йил май–июн ойларида 60 та ижарага олинган ва 60 та ижтимоий, жами 120 та бекат фойдаланишга топширилиши лозим эди.

Аниқланган камчиликлар юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигига шартнома ва битимда белгиланган мажбуриятларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини, бекатларни тасдиқланган техник талабларга мувофиқ жиҳозлаш ҳамда фойдаланишга топшириш жараёнини қатъий назоратга олиш зарурлиги кўрсатилди.

Шунингдек, келгусида ўтказиладиган аукцион савдоларида рақобат муҳитини кенгайтириш, кўпроқ тадбиркорлик субъектларининг иштирок этишига имконият яратиш мақсадида автобус бекатларини туманлар ёки ҳудудий бирликлар кесимида алоҳида лотларга ажратган ҳолда савдога чиқариш ҳамда лойиҳалар тўғрисида жамоатчиликни мунтазам равишда хабардор қилиб бориш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилгани маълум қилинди.

Агентлик мазкур жараён юзасидан ўрганишларни давом эттиради. Якунлари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилиши билдирилди.

Лойиҳа тарихи

2026 йил март ойида Тошкент ҳокими пойтахтдаги барча автобус бекатларини яхлит стандартга мослаштириб, тўлиқ модернизация қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Ҳужжат бекатлардаги савдо шохобчаларидан босқичма-босқич воз кечишни ҳам назарда тутади. Шу ойнинг ўрталарида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази яқин кунларда шаҳарда «ақлли бекатлар» пайдо бўлишини маълум қилди.

Тадбиркорлар норозилиги

Модернизация жараёни бошидан тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлди. Март ойи охирида ўтказилган аудит натижасида пойтахтдаги бекатлар ўрнида жойлашган 110 та савдо объекти аниқланиб, уларнинг демонтажи бошланди. Тадбиркорлар эса ўзларининг олдиндан огоҳлантирилмагани ва компенсация масаласи ҳал этилмаганидан норозилик билдиришди. Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази вакилининг тасдиқлашича, текширилган 380 та бекатнинг 120 тасида 1995–2005 йилларда қурилган нотижоратов дўконлар мавжуд бўлиб, шулардан 60 тасида ноқонуний қурилиш аниқланган ва улар суд қарорлари асосида бузиб ташланмоқда. Бизнес-омбудсман эса мулк ҳуқуқларини чеклаш фақат қонуний тартибда ва барча процедураларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши лозимлигини таъкидлаган.

Аномал иссиқ шароитидаги вазият

Июл ойининг ўрталаридан бошлаб Тошкентда кузатилаётган аномал иссиқ ҳаво шаҳар инфратузилмасига қўшимча юк туширди. Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, юқори ҳарорат фонида электр тармоқларига тушган юклама ортиб, шаҳарнинг бир қатор туманларида минглаб истеъмолчи вақтинчалик электр таъминотидан узилди. Аномал иссиқ сабабли ер усти метро йўналишида поездлар тезлиги ҳам чекланди. Меҳнат инспекцияси эса иссиқ об-ҳавода очиқ ҳавода ишлаётган ободонлаштириш ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш юзасидан ҳокимликларга алоҳида кўрсатма юборди.

Айнан шу даврда очиқ ҳавода, соясиз, жазирама иссиқда транспорт кутишга мажбур бўлган йўловчилар ҳолатдан кескин норози бўлишди.

Бекатлар нархи бўйича мунозаралар

Янги бекатларнинг қиймати ижтимоий тармоқларда алоҳида муҳокамаларга сабаб бўлди. Айрим маълумотларга кўра, замонавий бекатларнинг қиймати 10–20 минг долларгача етиши мумкин. Шундан сўнг иқтисодчи ва блогер Отабек Бакиров лойиҳа бўйича нарх қандай шаклланганлиги ва очиқ тендер ўтказилган-ўтказилмаганлигига оид саволларни ўртага ташлади.

Бунга жавобан Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази бекатлар нархини оддий металл павилон қиймати билан солиштириш нотўғри эканини билдирди. Марказга кўра, лойиҳа фақат бекат ўрнатиш билан чекланмайди — модернизация доирасида кутиш майдонларини кенгайтириш, янги платформалар қуриш, пиёдалар йўлакларини таъмирлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини тортиш ва рақамли хизматларни жорий этиш ишлари ҳам амалга оширилиши таъкидланди.

Теглар

Мавзуга оид