
2025 йилда энг кўп даромад топган спортчи кимлиги аниқланди
Футбол, реклама ва ҳомийлик шартномаларидан тушган катта маблағлар мазкур спорт юлдузини дунё рейтингида мутлақ етакчига айлантирди.

2025 йил якунларига кўра, дунёда энг кўп даромад топган спортчи сифатида Криштиану Роналду биринчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда спорт бизнеси ва иқтисодиётига ихтисослашган Sportico нашри эълон қилган рейтингда маълум қилинди. Нашр ҳисоб-китобларига кўра, 40 ёшли футболчининг бир йиллик умумий даромади 260 миллион АҚШ долларини ташкил этган.
Манбада қайд этилишича, ушбу маблағнинг асосий қисми — 200 миллион доллари Саудия Арабистонидаги Ал-Наср клубидаги маош ҳисобига тўғри келади. Қолган 60 миллион доллар эса реклама шартномалари, ҳомийлик келишувлари, брендлар билан ҳамкорлик ва майдондан ташқари тижорат лойиҳаларидан олинган.
Бу кўрсаткич Роналдунинг нафақат спортчи, балки глобал тижорат бренди сифатидаги нуфузини ҳам яққол намоён этади.
Рейтингда иккинчи ўринни мексикалик боксчи Саул Алварес эгаллади. Унинг йиллик даромади 137 миллион долларга баҳоланган. Шундан 125 миллион доллари профессионал жанглардан, 12 миллион доллари эса ҳомийлик битимларидан келиб тушган. Алварес бокс соҳасида энг юқори ҳақ тўланадиган спортчилардан бири бўлиб қолмоқда.
Учинчи поғонадан Аргентина терма жамоаси ва Интер Маями футболчиси Лионел Месси жой олди. У 2025 йилда жами 130 миллион доллар даромад қилган. Бу маблағнинг 60 миллион доллари клубдаги маош, 70 миллион доллари эса реклама ва тижорат лойиҳалари ҳисобига тўғри келади.
Топ-10 рейтингидан бейсболчи Хуан Сото, баскетбол юлдузлари Леброн Жеймс, Стивен Карри ва Кевин Дюрант, шунингдек, футболчи Карим Бензема ҳам ўрин олган. Рейтинг натижалари спорт индустриясида маошлар ва ҳомийлик даромадлари йил саин ортиб бораётганини кўрсатмоқда.





