
2025 йилда криптоқаллоблар рекорд даражада — 17 млрд доллар ўғирлади
2025 йил криптовалюта бозори учун жиноятлар миқёси бўйича рекорд йилга айланди. Таҳлилларга кўра, криптоқаллоблар бир йил ичида қарийб 17 млрд долларлик маблағни ноқонуний равишда ўзлаштирган.

«Chainalysis» таҳлил компанияси ҳисоботида 2025 йилда криптовалюта соҳасидаги фирибгарликлар ҳажми тарихдаги энг юқори даражага етгани қайд этилди. Экспертлар бу ҳолатни жиноий схемаларнинг тез суръатларда мураккаблашиб, саноат даражасига чиққани билан изоҳлайди. Мазкур сумма илгариги йиллар билан солиштирганда кескин ўсишни англатади.
Энг катта зарар шахсни сохталаштиришга асосланган фирибгарликлар ҳиссасига тўғри келган. Бундай схемаларга йўналтирилган маблағлар бир йил ичида 14 баробардан ортиқ ўсган. Агар илгари бир операция бўйича ўртача тўлов 782 доллар атрофида бўлган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 2764 долларга етган. Бу эса жиноятчиларнинг иш услуби тобора профессионаллашиб бораётганини кўрсатади.
Ҳисоботда таъкидланишича, замонавий криптоқаллоблар фишинг хизматларини сотиб олиш, дипфейк технологиялари, сунъий интеллект асосидаги воситалар ҳамда мураккаб пул ювиш каналларидан фойдаланмоқда. Бу эса ҳатто тажрибасиз жиноий гуруҳларга ҳам йирик ҳужумларни амалга ошириш имконини бермоқда.
Айниқса, сунъий интеллектга таянган схемалар юқори даромадли бўлиб чиқмоқда. Таҳлилларга кўра, СИ билан боғлиқ фирибгарликлар бир операцияда ўртача 3,2 млн доллар даромад келтирган. Бу анъанавий схемалардан қарийб 4,5 баробар кўп. Бундай операциялар қисқа вақт ичида кўплаб транзакцияларни амалга ошириши билан ҳам ажралиб туради.
Шу билан бирга, таҳлилчилар Жануби-Шарқий Осиёда, хусусан Камбоджа ва Мянма ҳудудларида фаолият юритаётган трансчегаравий жиноий тармоқларга эътибор қаратган. Айрим ҳолатларда одам савдоси қурбонлари мажбурий равишда криптоқаллоблик операцияларига жалб қилинаётгани қайд этилган.
Шунга қарамасдан, 2025 йилда қарши чоралар ҳам кучайди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар камида 14 млрд доллар маблағни мусодара қилган. Экспертлар 2026 йилда ҳам фирибгарлик схемалари сунъий интеллект ва ижтимоий муҳандисликка таянилган ҳолда янада ривожланишидан огоҳлантирмоқда.
