
2025 йилда миллий пули қиймати долларга нисбатан энг кўп пасаётган мамлакатлар
ХВЖ прогнозига кўра, инфляция айрим мамлакатларда йил бошида 100 долларга тенг маҳаллий валютани декабргача 15 доллар даражасида қийматсизлантириши мумкин.

2025 йилда инфляция айрим мамлакатлар аҳолисининг харид қобилиятини кескин заифлаштириши кутилаяпти. Visual Capitalist таҳлилчилари Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг йиллик прогнозларига асосланиб, йил бошидаги 100 долларга тенг маҳаллий валюта йил сўнгида қанча қийматда қолишини ҳисоблаб чиқди.

Инфляция — бу нархларнинг ошиши орқали пулнинг реал қиймати пасайиши демакдир. Масалан, агар сиз январда 100 доллар миқдорида пул ишлаган бўлсангиз, декабрга келиб у фақат 80 долларлик товарга етишадиган бўлса, харид қобилиятингиз 20 фоизга камайган бўлади.
Энг кескин ҳолат Венесуэлада кузатилмоқда — бу ерда ХВЖ 2025 йилда инфляцияни 549 фоиз деб баҳолаган. Бу шундай маънони англатадики, январида йиғилган 100 долларга тенг пул декабрга келиб атиги 15 долларлик нарсага етади. Бундай инқироз АҚШ санкциялари ва ички иқтисодий муаммолар оқибатида юзага келган.
Инфляциянинг юқори бўлиши фақат Лотин Америкасига хос эмас. Дунёнинг кўплаб минтақаларида маҳаллий пул бирликлари йил давомида харид қобилиятининг чорак қисмини йўқотиши эҳтимоли бор. Бу ҳолат иш ҳақи ва омонатларнинг тезда қадрсизланишига олиб келади, озиқ-овқат ёки уй-жой ижараси каби зарур харажатлар эса ортгандан-ортади.
Таҳлилчилар бундай шароитда аҳолига инфляция паст бўлган ва барқарор валютада — масалан, доллар ёки еврода омонат сақлашни тавсия қилишмоқда. Бу орқали узоқ муддатда молиявий хавфларни камайтириш мумкин.





