add

2025 йилда ЙТҲларда 2188 нафар инсон ҳалок бўлган

Бу кўрсаткич 2024 йилда қайд этилган 2 199 нафарга нисбатан бироз камайган.

2025 йилда ЙТҲларда 2188 нафар инсон ҳалок бўлган

Ўзбекистонда 2025 йилда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 2 188 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, 2025 йилда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 2024 йилда қайд этилган 2 199 нафарга нисбатан бироз камайган. Шу билан бирга, ЙТҲлар натижасида 8 901 нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олган бўлиб, бу ҳам ўтган йилга нисбатан сезиларли фарқ қилмайди.

Мутахассислар қайд этишича, йўл-транспорт ҳодисалари нафақат инсон ҳаёти ва соғлиғи, балки мамлакат иқтисодиёти учун ҳам жиддий хавф ҳисобланади. Жароҳат олганларни даволаш харажатлари, ҳалок бўлган ёки ногирон бўлиб қолган шахслар туфайли меҳнат бозорида йўқотишлар юзага келади. Айрим мамлакатлар тажрибасида бу омиллар ялпи ички маҳсулотнинг 3–5 фоизгача камайишига сабаб бўлгани қайд этилган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё миқёсида ҳар йили ўртача 1,1 миллион киши йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлади, 30 миллионга яқин инсон эса жароҳат олади. Авариялар 29 ёшгача бўлганлар ўлимига олиб келувчи асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда сўнгги беш йил — 2021–2025 йиллар давомида ЙТҲлар сонининг камайиш тенденцияси сақланиб қолган. Бу аҳоли сони 35,2 миллион нафардан 38,2 миллион нафарга, транспорт воситалари эса 3,8 миллионтадан 5,5 миллионтага ошган шароитда кузатилмоқда.

Шу даврда ҳар 100 минг аҳолига нисбатан ЙТҲларда ҳалок бўлганлар сони 6,9 тадан 5,7 тага, ҳар 10 минг транспорт воситасига нисбатан эса 6,3 тадан 4,0 тага тушган. Айниқса, таълим муассасалари ва маҳаллалар атрофида хавфсизлик чоралари кучайтирилиши натижасида болалар иштирокидаги авариялар сезиларли даражада камайган.

2024 йил якунларига кўра, МДҲ давлатлари орасида Ўзбекистон ЙТҲлар сони бўйича энг паст кўрсаткичлардан бирига эга давлат сифатида қайд этилган. Ўзбекистон Республикаси ИИВ тизими томонидан йўлларда хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид