
2025 йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон экспортида қандай ўзгаришлар кузатилди?
2025 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистоннинг асосий экспорт товарлари — олтин 49,4 фоиз, мис 21,4 фоизга қимматлаган, пахта 5 фоизга арзонлаган.

Марказий банкнинг «Пул-кредит сиёсатининг 2026 йил ва 2027–2028 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишлари» ҳисоботида жорий йилда мамлакат экспорти динамикаси, хомашё бозорларидаги вазият ва хизматлар экспортидаги ўзгаришлар батафсил таҳлил қилинди.
Олтин, мис ва уран қимматлашди, пахта арзонлади
2025 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистоннинг асосий экспорт товарлари — олтин 49,4 фоиз, мис 21,4 фоизга қимматлаган, пахта 5 фоизга арзонлаган.
Олтин нархининг ошиши глобал ноаниқликлар фонида инвесторларнинг хавфсиз активларга талабининг кучайиши ва марказий банклар томонидан олтин сотиб олиш ҳажмининг ўсиши билан боғлиқ.
Мис бозорида эса савдо чекловлари, тарифлар ва геоиқтисодий омиллар туфайли юқори тебранишлар кузатилган. Аммо сўнгги ойларда кўплаб мамлакатлар яшил энергетика ва электр таъминотини кенгайтириш режаларини эълон қилиши ортидан мис нархи ошган.
Юқори ҳосил ва жаҳон бозоридаги талабнинг секинлашиши сабабли пахта нархлари мўътадил қолди. Уран нархлари эса талабнинг ошиши фонида ўсувчи трендга қайтган.
Хизматлар экспорти шиддатли ўсмоқда
Экспорт таркибида хизматлар улушининг ортгани эътиборга молик. Маълумотларга кўра, 2018–2024 йилларда товарлар экспорти ўртача 10 фоизга, хизматлар экспорти эса ўртача 21 фоизга ўсган.
Хизматлар нархининг халқаро бозорларга нисбатан паст бўлиши — бу соҳанинг рақобатдошлигини оширган омиллардан бири сифатида қайд этилган.
2022 йил ўрталаридан бошлаб хизматлар экспорти (олтинсиз) умумий экспорт ўсишига товар экспортига нисбатан каттароқ ҳисса қўшмоқда. Бу ўсиш асосан транспорт хизматлари, туризм, ахборот-коммуникация технологиялари (IT) йўналишларида кузатилмоқда.
2018–2024 йилларда туризм хизматлари экспорти 3,4 баробарга, IT-хизматлар экспорти 4 баробарга, транспорт хизматлари экспорти 1,7 баробарга ошган.
Хавотирлар нимада?
Марказий банк ҳисоботида қайд этилишича, сўнгги йилларда экспорт таркибида хомашё маҳсулотлари улуши ошмоқда. Бу ҳолат ташқи савдо тушумларининг жаҳон бозорларидаги нархлар тебранишларига боғлиқлигини кучайтирмоқда.
2021 йилдан 2025 йилнинг биринчи ярмигача бўлган даврда товар экспорти таркибида хомашё ва ярим тайёр маҳсулотларнинг ўртача улуши қарийб учдан икки қисмни ташкил этган.





