
2026 йилда 34 та авто модели ишлаб чиқаришдан олинади: орасида Chevrolet Malibu ҳам бор
Автоконцернлар 2026 йилда талаб пасайиши, модел қаторини оптималлаштириш ва электрлаштириш стратегияси сабаб 34 та автомобил моделини ишлаб чиқаришдан олишни режалаштирмоқда.

Жаҳон автоишлаб чиқарувчилари бозор талаблари, сотув динамикаси ва технологик стратегиялардан келиб чиқиб, модел қаторларини қайта кўриб чиқмоқда. SlashGear нашри маълумотларига кўра, 2026 йилда 34 та автомобил модели ишлаб чиқаришдан олинади.
Ишлаб чиқариш тўхтатилиши режалаштирилган моделлар орасида оммавий ҳамда премиум сегмент вакиллари бор. Улар қаторига Kia Soul, Ford Escape, Chevrolet Malibu, Subaru Legacy, Audi A4, BMW X4, Mercedes-Benz EQB, Volvo S60, Lexus RC ва RC F, шунингдек Audi Q8 e-tron ва Polestar 2 каби электромобиллар ҳам киради.
Асосий сабаблардан бири — талабнинг кескин пасайиши. Масалан, Kia Soul сўнгги йилларда сотув ҳажмини йўқотгани сабабли сегментдаги бошқа кроссоверларга ўрин бўшатмоқда. Худди шундай вазият Chevrolet Malibu, Acura TLX, Cadillac XT4 ва XT6, Mercedes-Benz EQB ҳамда Volvo S60 моделларида ҳам кузатилмоқда.
Айрим автомобиллар эса модел қаторини оптималлаштириш доирасида ишлаб чиқаришдан олинади. Audi A4, BMW X4 ва Toyota bZ4X ички рақобатни камайтириш мақсадида тўхтатилади. Ford Escape ва Lincoln Corsair эса брендларнинг электр транспортга ўтиш стратегияси туфайли конвейердан чиқарилади.
Infiniti компанияси талабнинг узоқ муддатли пасайиши сабаб QX50 ва QX55 кроссоверларидан воз кечиб, бутун модел қаторини қайта кўриб чиқишни режалаштирмоқда.
Шу билан бирга, айрим моделлар янги авлодга ўтиш арафасида ишлаб чиқаришдан олинади. Kia Telluride 2027 йилда янги авлодда тақдим этилади. Porsche 718 Boxster ва Cayman эса 2026 йилдан бошлаб илк бор тўлиқ электр спорткарларга айланади.
Мутахассисларнинг фикрича, бу жараён автосаноатдаги глобал трансформация — электрлаштириш, харажатларни қисқартириш ва бозорга мослашишнинг навбатдаги босқичидир.





