
2026 йилда алкогол, тамаки ва нефт маҳсулотларининг акциз солиғи ўзгаради
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги келгуси йилда алкогол ва тамаки акцизларини ЖСТ талаблари асосида бирхиллаштириш, шакарли ичимликларга прогрессив солиқ жорий этиш ва нефт маҳсулотлари акцизини оширишни таклиф қилмоқда.

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган 2026–2028 йиллар бюджетнома лойиҳасида келгуси йил учун солиқ-акциз сиёсатининг йўналишлари очиқланди. Ҳужжатга кўра, акциз ставкалари соғлом турмуш тарзини рағбатлантириш, бозорда тенг рақобатни таъминлаш ва Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мослашиш мақсадида қайта белгиланmoqda.
Алкогол маҳсулотлари ва этил спирти
2026 йил 1 февралдан маҳаллий ва импорт алкогол маҳсулотлари учун ставкалар босқичма-босқич бирхиллаштирилади. Ароқ ва конякка маҳаллий маҳсулот учун 48 минг, импорт учун 60 минг сўм ставка белгиланади.
Вино ва пиво маҳсулотлари бўйича ҳам икки босқичли тартиб жорий қилинади. Июлдан бошлаб барча маҳсулотлар учун ягона ставка қўлланади: табиий вино учун 10 минг, бошқа винолар учун 12 минг ва пиво учун 4 минг сўм. Шунингдек, этил спиртининг бош фракцияси учун акциз 15 мингдан 5 минг сўмга туширилиши таклиф этилмоқда.
Тамаки маҳсулотлари
2026 йил 1 февралдан сигареталар, чилим тамакиси, ўрама тамаки, қиздириладиган стиклар ва вейплар бўйича акциз ставкалари 7 фоизга оширилади.
Бунда маҳаллий ва импорт қилинадиган маҳсулотлар учун ягона ставкаларни белгилаш таклиф этилмоқда:
1000 дона сигарета учун 365 000 сўм;
Битта цигара учун 21 500 сўм;
1 кг чилим ва ўзи ўрайдиган тамаки учун 642 000 сўм;
1 кг иситиладиган тамаки таёқчаси учун 481 500 сўм;
1 мл вейп суюқлиги учун 2 140 сўм.
Таркибида шакар бўлган ва энергетик ичимликлар
2026 йил 1 апрелдан шакарли ва ширинлаштирувчи моддалар бўлган ичимликлар, шунингдек энергетик ичимликларга прогрессив солиқ тартиби жорий этилади.
— Таркибида 100 мл шакар бўлган ичимликлар учун: 5 г гача - 1 литри учун 500 сўм (амалдаги ставка), 5 г дан 10 г гача - 1 литри учун 515 сўм, 10 г дан ортиқ - 1 литри учун 535 сўм;
— Таркибида шакар эмас, балки бошқа ширинлаштирувчи моддалар бўлган ичимликлар учун - 1 литри учун 500 сўм;
— Энергетик ва тетиклантирувчи ичимликлар учун - 1 литри учун 2 150 сўм.
Умумий овқатланиш соҳасида тайёрланадиган ичимликлар эса акциздан истисно қилинади.
Нефт маҳсулотлари
2026 йил 1 апрелдан нефт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва якуний истеъмолчиларга сотишда акциз солиғи 7 фоизга оширилади. Полиэтилен гранулалари ва табиий газ учун амалдаги ставкалар ўзгаришсиз қолади.
Ушбу ўзгаришлар солиқ тушумларининг барқарорлигини сақлаш, истеъмол бозорини тартибга солиш ва саломатликка зарарли маҳсулотлар истеъмолини камайтиришга қаратилган.





