
2026 йилда халқаро авиакомпаниялар 41 млрд доллар соф фойда олиши кутилмоқда
Самолёт етказиб беришдаги узилишлар ва таъминот билан боғлиқ муаммоларга қарамай, авиация индустрияси келгуси йилда юқори даромад қайд этиши таъкидланди.

Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси 2026 йилда жаҳон авиакомпаниялари рекорд даражада 41 миллиард долларлик соф фойда олиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар қилмоқда.
Ассоциация таъкидлаганидек, авиация бозоридаги қатор қийинчиликлар — самолётларни ўз вақтида етказиб берилишининг секинлашиши ва янги, ёнилғи тежамкор лайнерларни ишга тушириш режаларининг кечикишига қарамай, сектор иқтисодий жиҳатдан тикланиш траекториясида қолмоқда.
Ушбу прогноз Airbus компаниясининг A320 самолётларидаги металл фюзеляж панелларида аниқланган сифат муаммолари туфайли 2025 йилги етказиб бериш режаларини қисқартиргани ҳақидаги хабарлар ортидан берилди. Ҳар икки етакчи ишлаб чиқарувчи — Airbus ва Boeing сўнгги йилларда буюртмаларни ўз вақтида топширишда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда. Бу эса авиакомпанияларнинг эксплуатация харажатлари, айниқса, ёқилғи сарфига таъсир қилмоқда.
Шундай бўлса-да, Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси раҳбарияти секторнинг барқарор даромад моделини шакллантира олганини қайд этмоқда. Ассоциация бош директори Уилли Уолшнинг таъкидлашича, авиакомпаниялар кейинги йилларда турли соҳадаги ривожланиш ва хатарларга мослаша оладиган тизим яратган.
Унинг сўзларига кўра, 6 мингта A320 самолётида дастурий таъминот носозликлари аниқланганидан сўнг, Airbus бир неча ҳафта ичида фюзеляждаги конструктив муаммолар туфайли етказиб бериш режаларини яна қисқартиришга мажбур бўлди.
Шу билан бирга, Airbus ўз йиллик режасини 4 фоизга қисқартирганини тасдиқлади. Бу ҳолат A320 серияси, жумладан, энг оммабоп A321 модели Boeing 737 MAX’ни ортда қолдириб, тарихда энг кўп етказиб берилган йўловчи самолётига айланганидан қисқа вақт ўтиб юз берди.





