Logo

2026 йилги мундиал «FIFA» учун рекорд даромад келтирди

Кеча 22:452 дақиқа

АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлик қилган футбол бўйича жаҳон чемпионати «FIFA» тарихидаги энг даромадли турнирга айланди.

2026 йилги мундиал «FIFA» учун рекорд даромад келтирди

АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионати Халқаро футбол федерацияси («FIFA») тарихидаги энг муваффақиятли тижорий мусобақага айланди.

«FIFA» президенти Жанни Инфантинонинг маълум қилишича, турнирдан олинадиган умумий даромад 15 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

«The Guardian» нашрининг ёзишича, аввалроқ федерация мусобақадан 11 миллиард доллар даромад олишни режалаштирган эди. Даромаднинг кутилганидан юқори бўлишига асосан VIP хизматлар ва чипталар савдоси, айниқса иккиламчи бозордаги сотувлар ҳисса қўшган.

Финал ўйини учун «Trophy Lounge» VIP ложаси чипталари «FIFA» расмий сайтида бир киши учун 34,5 минг доллардан сотилган. Финал олдидан иккиламчи бозорда оддий чипталар нархи эса 10 минг долларгача кўтарилган.

Даромад уч баробар ошди

Маълум қилинишича, ушбу маблағлар 2023–2026 йиллар циклига тегишли бўлиб, унга 2026 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик харажатлари ҳам киритилган.

Даромаднинг кескин ўсишига турнир иштирокчилари сонининг 32 тадан 48 та жамоагача кўпайтирилгани ҳам таъсир қилган.

Таққослаш учун, 2018 йил Россияда ўтган жаҳон чемпионати «FIFA»га 6,4 миллиард доллар даромад келтирган бўлса, 2022 йил Қатардаги мундиалнинг тўрт йиллик цикли бўйича даромади 7,5 миллиард долларга етган.

Навбатдаги режа

Жанни Инфантинонинг билдиришича, «FIFA» 2030 йилдан бошлаб жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 64 та терма жамоагача ошириш имкониятини ҳам кўриб чиқмоқда.

«Politico» маълумотига кўра, бу ташаббуснинг асосий мақсадларидан бири мусобақанинг тижорий салоҳиятини янада ошириш ва йирик бозорларни жалб қилишдир.

Бироқ футбол жамоатчилигининг бир қисми бундай кенгайтириш мусобақа сифатига салбий таъсир қилиши ва кучсиз жамоалар сони ортишига олиб келиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилги жаҳон чемпионати ғолиби Испания терма жамоаси бўлди, у ўз тарихида иккинчи марта ушбу унвонни қўлга киритди.

Россия - Украина уруши

Футбол бўйича Жаҳон чемпионати 2026

ЖЧ-2026 ўйинларига оид барча хабарлар битта ҳаволада.

Теглар

Мавзуга оид