Logo

2030-йилдан шифокор ва фармацевтлар давлат рўйхатидан ўтиши шарт бўлади

Бугун 12:152 дақиқа

Давлат рўйхатидан ўтмаган шахснинг тегишли мутахассислик бўйича тиббий ёки фармацевтика касбий фаолияти билан шуғулланиши тақиқланади.

2030-йилдан шифокор ва фармацевтлар давлат рўйхатидан ўтиши шарт бўлади © Ijtimoiy tarmoqlar

Ҳукуматнинг 2026-йил 19-октябрдаги 577-сон қарори билан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, 2030-йил 1-январдан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика фаолияти билан фақат муайян мутахассислик бўйича давлат рўйхатидан ўтган шахслар шуғулланиши мумкин. Рўйхатдан ўтиш ҳуқуқи беш йил муддатга берилади.

Давлат рўйхатидан ўтмаган шахснинг тегишли мутахассислик бўйича касбий фаолият билан шуғулланиши тақиқланади. Ушбу тартиб тиббиёт ва фармацевтика соҳасида мутахассисларнинг касбий малакасини баҳолаш ҳамда улар ҳақидаги маълумотларни ягона электрон реестрда юритишни назарда тутади.

Ваколатли орган этиб Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази белгиланган. Давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни махсус имтиҳон натижалари ёки малака тоифасини бериш жараёни орқали амалга оширилади.

Рўйхатдан ўтиш тартиби

2027-йил 1-июлдан 2030-йил 1-январгача ходимларни давлат рўйхатидан ўтказиш ихтиёрий бўлади. Бу даврда мутахассислар махсус имтиҳон натижаларига кўра ёки малака тоифасини олиш жараёнида автоматик равишда рўйхатдан ўтказилиши мумкин.

Мутахассислиги бўйича камида 20 йил иш стажи ва илмий даражага эга ходимлар махсус имтиҳонсиз рўйхатдан ўтказилади. Бироқ мурожаат санасига қадар мутахассислиги бўйича уч йил ёки ундан ортиқ вақт узлуксиз касбий фаолият юритмаганлар бундан мустасно.

Аризалар Давлат хизматлари марказлари, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки Тиббий малака платформаси орқали юборилади. Электрон мурожаатларни дам олиш ва байрам кунларидан қатъи назар, сутка давомида тақдим этиш мумкин.

Гувоҳнома беш йил амал қилади

Ваколатли орган сўровномани беш иш куни ичида кўриб чиқиб, талабгорни махсус имтиҳонга қўйиш ёки қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Давлат рўйхатидан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома электрон шаклда расмийлаштирилади. Унинг қоғоздаги асл нусхаси ёки дубликати берилмайди. Маълумотларни Тиббиёт ва фармацевтика мутахассисларининг ягона электрон реестри орқали текшириш мумкин.

Рўйхатдан ўтган ходимлар касбий фаолиятини давом эттириш учун ҳар беш йилда қайта давлат рўйхатидан ўтиши керак. Қарор расмий эълон қилинган кундан уч ой ўтгач кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vaqt.uz маҳаллий дори бозоридаги ўсиш омиллари ва нархларга таъсир қилаётган сабабларни ўрганган эди.

Теглар

Мавзуга оид