
2030 йилгача ўзбекистонликлар 50 та давлатга визасиз саёҳат қилиши мумкин
Ўзбекистон фуқаролари учун визасиз саёҳат қилиши мумкин бўлган мамлакатлар сони босқичма-босқич кенгайиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон 2030 йилга келиб ўз фуқароларининг 50 та давлатга визасиз саёҳат қилишини таъминлашни мақсад қилмоқда. Бу йўналишдаги режалар жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилган янгиланган «Ўзбекистон–2030» стратегиясида белгиланган бўлиб, халқаро ҳаракатланишни енгиллаштириш ва чегарадан ўтиш тартиб-қоидаларини соддалаштиришга қаратилган.
Ҳужжатга мувофиқ, визасиз давлатлар сони йилма-йил ошириб борилади. Хусусан, 2026 йилда ушбу кўрсаткич 37 та давлатни ташкил этиши кутилмоқда. 2027 йилда визасиз бориш мумкин бўлган мамлакатлар сони 42 тага, 2028 йилда 45 тага, 2029 йилда эса 48 тага етади. 2030 йилга келиб эса мақсадли кўрсаткич сифатида 50 та давлат белгиланган.
Стратегияда фақат визасиз режим эмас, балки кириш тартиби соддалаштирилган давлатлар сонини ҳам ошириш кўзда тутилган. Мазкур рўйхат 2026 йилда 45 та давлатни қамраб олса, 2030 йилга келиб 60 та давлатгача кенгайиши режалаштирилган. Оралиқ йилларда эса соддалаштирилган кириш тартиби 2027 йилда 48 та, 2028 йилда 52 та, 2029 йилда 56 та давлатда жорий этилади.
Минтақавий ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Стратегик ташқи сиёсий йўналишлар доирасида Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари билан фуқароларнинг ID-карталар асосида эркин чегарадан ўтишига оид камида учта келишув тузишни режалаштирмоқда.
Қайд этилишича, 2026 йилда шундай икки келишувга эришилган. Бу тажриба келгусида ҳамкорликни чуқурлаштириш ва чегара орқали ҳаракатни янада қулай қилиш учун асос бўлади. Ушбу чоралар Ўзбекистон фуқаролари учун саёҳат, бизнес ва маданий алмашинув имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.





