add

2030 йилгача қўшимча 17 минг MW «яшил» энергия қуввати ишга туширилади

Бугун 17:252153 дақиқа

2030 йилгача қайта тикланувчи энергия улуши 54 фоизга етказилиб, электр таъминоти, трансформация тармоқлари ва минтақавий ҳамкорликни қамраб олган йирик ислоҳотлар амалга оширилади.

2030 йилгача қўшимча 17 минг MW  «яшил» энергия қуввати ишга туширилади

2030 йилгача қўшимча 17 минг мегаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватлари ишга туширилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев 5 декабр куни янги энергетика қувватлари ва инфратузилма объектларини ишга тушириш ҳамда навбатдагиларининг қурилишини бошлашга бағишланган тантанали маросимда хабар берди.

Электр энергиясига бўлган талаб камида 1,5 баробарга ўсиши кутилаётган шароитда давлат раҳбари энергетика соҳасидаги устувор вазифалар ва келгуси йиллар режаларини маълум қилди.

Президент таъкидлашича, мамлакат 2030 йилга қадар қўшимча 17 минг мегаваттдан ортиқ қайта тикланувчи энергия қувватларини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу натижада умумий генерацияда «яшил» энергия улуши 54 фоизга етказилади.

Янги қувватларни ягона энергетика тизимига улаш мақсадида 6 минг километр юқори кучланишли электр тармоқлари барпо этилади. Фақат келгуси йилнинг ўзида 1 минг километр тармоқ қурилиши ва подстанцияларда 6 минг мегаватт қўшимча қувват яратилиши режалаштирилган.

Сўнгги йилларда хорижий сармояларни жалб қилишда давлат-хусусий шериклик асосий механизм сифатида қўлланиб, энергетика тармоқларини модернизация қилишга кенг имконият яратмоқда. Самарқанд электр тармоқларини Туркиянинг «Aksa Elektrik» компаниясига хусусий бошқарувга топшириш бўйича келишув шулар жумласидандир. Лойиҳа доирасида компания инвестиция киритиб, йўқотишларни икки бараварга камайтиришни режалаштирмоқда ва бу орқали йилига 20 миллион доллар тежаб қолинади.

Бундай тажриба асосида келгуси йили Жиззах ва Сирдарё, 2027 йилда эса Наманган ва Тошкент вилоятлари электр тармоқлари ҳам инвесторларга таклиф қилинади.

Шу билан бирга, аҳолининг қуёш энергияси каби муқобил манбалардан фойдаланиши фаол қўллаб-қувватланади. Янги йилда 300 та маҳаллада 107 МВт қувватли қуёш станцияларини ўрнатиш орқали 30 минг камбағал оила «яшил» энергия билан таъминланади, ортиқча энергияни тармоққа сотиш имкони яратилади.

Тадбиркорлар бу йил 40 МW кичик ва микро ГЕСлар қуриб, 120 миллион киловатт-соат энергия ишлаб чиқарди. Келгуси йили яна 65 МW қувватга эга объектлар барпо этилади ва 80 минг хонадонда электр таъминоти яхшиланади.

Президент сўзларига кўра, мамлакат 2035 йилгача зарарли газлар чиқарилишини 50 фоизга қисқартириш мажбуриятини олган. COP-30 да тақдим этилган «iCRAFT» лойиҳаси доирасида 23 миллион тонна иссиқхона гази камайтирилгани ҳисобга олинган ва халқаро углерод бирликлари савдоси йўлга қўйилган.

Шунингдек, бу йил 17 та йирик корхона «яшил» энергия бўйича халқаро сертификат олган, икки йилда улар сони 100 тага етказилиши белгиланди.

«Биз бугун ишга тушираётган барча лойиҳалар иқтисодий ўсишни таъминлаб, келажак авлодларимиз учун янги имкониятлар эшигини очади. Бундай жадал ҳаракатларимиз ва ташаббусларимиз билан биз янгича моделдаги замонавий энергетика тизимини албатта тўлиқ барпо этамиз», – дея таъкидлаган Президент.

Тадбир якунида Президент 42 та энергетика объектини ишга тушириш ва яна 21 тасининг қурилишини бошлашга рамзий старт берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент иштирокида 11 млрд долларлик энергетика лойиҳалари ишга туширилганлиги ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид

2030 йилгача қўшимча 17 минг MW «яшил» энергия қуввати ишга туширилади | Vaqt.uz