add

230 млн сўм ортиқча маблағ ундирган тиббиёт бирлашмалари аниқланди

27.11.2025 | 18:184192 дақиқа

Хоразмда айрим тиббиёт бирлашмалари 160 минг истеъмолчидан асоссиз тарзда маблағ олгани маълум бўлди.

230 млн сўм ортиқча маблағ ундирган тиббиёт бирлашмалари аниқланди

Хоразмда айрим тиббиёт бирлашмалари истеъмолчилардан 230 млн сўм ортиқча маблағ ундиргани аниқланди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Рақобат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси 2023–2025 йиллар давомида тиббиёт бирлашмалари томонидан пуллик хизмат кўрсатиш жараёнида қонун талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ўтказган. Текширувлар давомида айрим тиббиёт муассасаларида пуллик хизматлар кўрсатилиши жараёни ўрганилиб, бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Қайд этилишича, Янгибозор туман тиббиёт бирлашмаси томонидан қарийб 39 минг истеъмолчига 2 миллиард сўмга яқин пуллик тиббий хизмат кўрсатилган. Шу билан бирга, Гурлан туман тиббиёт бирлашмаси 120 минг нафарга яқин беморга 3 миллиард сўмга яқин хизмат кўрсатган.

Ушбу тиббиёт бирлашмаларида ўтказилган текширувлар давомида айрим хизматлар нархига асоссиз равишда қўшимча солиқлар қўшилгани аниқланган. Бундан ташқари, беморлар амалда фойдаланмаган дори-дармон ва тиббий буюмлар ҳам умумий нархга қўшиб юборилган. Бу ҳолатлар минглаб истеъмолчилар учун ортиқча харажат пайдо қилгани қайд этилди.

Натижада, 160 мингга яқин истеъмолчидан жами 230 миллион сўмдан ортиқ ортиқча маблағ ундирилгани аниқ бўлди. Бошқарма томонидан бу ҳолат “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талабларининг қўпол бузилиши сифатида баҳоланган.

Махсус комиссия томонидан Янгибозор ва Гурлан туман тиббиёт бирлашмаларига нисбатан иш қўзғатилиб, истеъмолчилардан асоссиз ундирилган маблағларни тўлиқ қайтариш бўйича кўрсатма берилган.

Шунингдек, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун қонунчилик талабларига қатъий амал қилиш талаби қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси пойтахтдаги автотураргоҳ операторларининг битим шартлари ва нархларга бир томонлама таъсир кўрсатиш эҳтимоли бўйича махсус ўрганиш бошлагани ҳақида хабар берилган эди.

Теглар

Мавзуга оид