
24 минг покистонлик тиланчи Саудиядан чиқариб юборилди
Дубай маъмурияти ҳам шунга ўхшаш сабаблар билан қарийб 6 минг нафар Покистон фуқаросини ортга қайтарган. Озарбойжонда эса тахминан 2,5 минг нафар покистонлик тиланчи депортация қилингани расман тасдиқланган

Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари Покистон фуқароларига нисбатан миграция назоратини кескин кучайтирди. Расмий маълумотларга кўра, фақат 2025 йилнинг ўзида Саудия Арабистони тиланчиликда гумон қилинган тахминан 24 минг нафар Покистон фуқаросини мамлакатдан чиқариб юборган. Ваколатли идоралар бу чораларни уюшган тиланчилик ва жиноятчиликка қарши кураш доирасида изоҳламоқда.
Покистон Федерал тергов агентлиги (FIA) бош директори маълум қилишича, сўнгги йилларда чет элларда покистонликларга боғлиқ уюшган тиланчилик ва жиноят тармоқлари сезиларли даражада кўпайган. Унинг таъкидлашича, бу ҳолат мамлакатнинг халқаро имижига жиддий зарар етказмоқда ва муаммо алоҳида давлатлар билан чекланиб қолмаяпти.
Маълумотларга кўра, Дубай маъмурияти ҳам шунга ўхшаш сабаблар билан қарийб 6 минг нафар Покистон фуқаросини ортга қайтарган. Озарбойжонда эса тахминан 2,5 минг нафар покистонлик тиланчи депортация қилингани расман тасдиқланган. Мутасаддилар бундай ҳолатлар Африка ва Европа давлатларида ҳам кузатилаётганини қайд этмоқда.
Шунингдек, Камбоджа ва Таиланд каби давлатларга берилган туристик визаларнинг суиистеъмол қилиниши ҳам хавотир уйғотган. Расмийларга кўра, айрим гуруҳлар турли виза турларидан фойдаланиб, тиланчилик ва бошқа ноқонуний фаолият билан шуғулланмоқда.
Муаммо 2024 йилда Саудия Арабистони томонидан берилган қатъий огоҳлантиришлар ортидан янада очиқ кўриниш олган. Ар-Риёд маъмурияти Умра визалари орқали келган айрим Покистон фуқароларининг тиланчиликка аралашганини билдириб, Исломободдан қатъий чоралар кўришни талаб қилган.
Покистон ҳукумати эса ушбу ҳолатларни бартараф этиш учун ички текширувлар ва назорат механизмларини кучайтиришга ваъда бермоқда. Мутахассислар фикрича, акс ҳолда миграция чекловлари янада қатъийлашиши мумкин.





