Logo

30 миллиард долларлик мақсад: Ўзбекистон тоғ-кон саноатига сунъий интеллект жорий этилади

Ўзбекистонда геология ва тоғ-кон саноатида сунъий интеллект ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали янги конларни аниқлаш ва инвестицияларни кўпайтириш режалаштирилмоқда.

30 миллиард долларлик мақсад: Ўзбекистон тоғ-кон саноатига сунъий интеллект жорий этилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тоғ-кон саноати ва геология соҳасида рақамли ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этишга бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган тоғ-кон саноати ва геология тармоғи 2025 йилда умумий саноат маҳсулотининг 20 фоизини таъминлаган. Соҳа корхоналарининг давлат бюджетига тушумлари эса 118,5 триллион сўмни ташкил этган.

Тақдимотда соҳани технологик трансформация қилиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва замонавий рақамли ечимларни кенг татбиқ этиш иқтисодий хавфсизликни таъминлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

2025 йилда йирик тоғ-кон корхоналарида амалга оширилган рақамлаштириш ишлари натижасида 7,3 триллион сўм операцион харажатлар тежалган ва маҳсулот таннархи 9,1 фоизга камайган.

Сунъий интеллект янги имкониятлар очади

Маълум қилинишича, келгуси беш йил ичида мамлакатнинг олтин захираларини 879 тоннага, кумушни 510 тоннага ва мис захираларини 676 минг тоннага ошириш бўйича ишлар бошланган.

Бу жараёнларда сунъий интеллект геологик маълумотларни таҳлил қилиш, конларни прогнозлаш ва захираларни аниқ ҳисоблашда қўлланилади. Геология-қидирув жараёнларининг барча босқичларига сунъий интеллект ечимларини жорий этиш режалаштирилган.

Президент бунинг учун соҳада технологик трансформацияни янги босқичга олиб чиқиш, ишлаб чиқариш жараёнларини сунъий интеллект ёрдамида бошқариш ва таҳлил қилиш тизимини шакллантириш зарурлигини таъкидлаган.

Хариталар, қидирув натижалари, бурғулаш маълумотлари ва лаборатория таҳлиллари 3D моделлар орқали таҳлил қилинади. Бу янги конларни аниқлаш муддатини икки баравар қисқартириш имконини беради.

Миллий база ва 44 та лойиҳа

2030 йилга қадар геология ва тоғ-кон саноатига 30 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб қилиш мақсад қилинган. Бунинг учун Геологик маълумотлар миллий базаси ташкил этилиб, 36 мингдан зиёд ҳисобот ва бирламчи маълумотлар рақамли кўринишга ўтказилади.

Тақдимотда 2026–2030 йилларда «Навоий КМК», «Олмалиқ КМК», «Навоийуран», «Ўзметкомбинат», «Ўзбеккўмир» ва «Ўзбекистон технологик металлар комбинати»да сунъий интеллект ва рақамли технологияларга оид 44 та лойиҳани амалга ошириш режалари ҳақида ахборот берилган.

Лойиҳалар натижасида операцион самарадорлик 7 фоизга, техника ишончлилиги 20 фоизга, энергия самарадорлиги 8 фоизга ошиши, инсон омили билан боғлиқ хато ва хавфлар эса 15 фоизга камайиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид