Logo

30 йилдан ошган эски автомобиллар эгалари учун жарима жорий этилмайдиган бўлди

Бугун 10:452 дақиқа

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошган автомобиллар учун компенсация тўлаш тартиби лойиҳадан чиқарилди. Ҳукумат янги ёндашув орқали ҳайдовчиларга бошқа имкониятлар беришни режалаштирмоқда.

30 йилдан ошган эски автомобиллар эгалари учун жарима жорий этилмайдиган бўлди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги фойдаланилган автомобилларни утилизация қилиш тизими бўйича тайёрланаётган қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Қайд этилишича, жамоатчилик муҳокамалари ва билдирилган эътирозлардан кейин 30 йил ва ундан эски автомобиллар эгалари ҳар йили БҲМнинг 30 баравари миқдорида экологик компенсация тўлаши ҳақидаги норма лойиҳадан чиқариб ташланмоқда.

Агентлик маълумотларига кўра, мамлакатда қарийб 5 млн автотранспорт воситаси мавжуд бўлиб, уларнинг 100 мингга яқини носоз ҳолатда. Эски транспорт воситалари шаҳарлардаги зарарли чиқиндиларнинг катта қисмини келтириб чиқараётгани сабаб автомобиль паркини янгилаш режалаштирилмоқда.

Янги тизим қандай ишлайди?

Ҳукумат мажбурий чоралар ўрнига иқтисодий рағбатлантириш механизмларини қўллашни мақсад қилмоқда. Шу мақсадда автомобилларни баҳоловчи ва утилизация қилувчи мустақил корхоналар тармоғи ташкил этилиши кўзда тутилган.

Режага кўра, эски автомобиллар бозор қиймати асосида баҳоланади. Эгаларига ушбу сумма миқдорида нақд пул ёки янги автомобиль харид қилишда фойдаланиш мумкин бўлган махсус ваучер берилади.

Ваучер орқали расмий дилерлардан янги автомобиль олиш, қолган суммани эса 2 йилдан 7 йилгача фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти яратилиши режалаштирилмоқда. Ваучердан фойдаланишни истамаганлар унинг қийматини пул кўринишида олиши мумкин бўлади.

Лойиҳа ҳали муҳокамада

Агентлик мисол сифатида 165 млн сўмлик Cobalt автомобилини келтирган. Агар эски автомобиль 5 млн сўмга баҳоланса, харидор қолган 160 млн сўмни 7 йил давомида ойига тахминан 1,9 млн сўмдан фоизсиз тўлаши мумкин бўлади.

У аҳоли ва мутахассислардан келиб тушадиган таклифлар асосида яна такомиллаштирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жарима майдончасидан автомобилни олиб чиқишга рухсат энди ҚР-код орқали берилиши ҳақида хабар берилганди.

Теглар

Мавзуга оид

30 йилдан ошган эски автомобиллар эгалари учун жарима жорий этилмайдиган бўлди | Vaqt.uz