384 та ноёб кон: АҚШ геологлари Марказий Осиёда нималарни қидиряпти?
АҚШ Марказий Осиёнинг ўта муҳим ресурсларига катта қизиқиш билдирмоқда. Экспертларнинг фикрича, минтақа давлатлари учун бу инвестициялар жалб қилиш ва технологик тараққиётга эришиш йўлида қулай имкониятдир, бироқ шу билан бирга геосиёсий хавф-хатарлар ҳам ортиб бормоқда.

2026 йилнинг феврал ойи бошида Бишкек шаҳрида АҚШ ҳамда Марказий Осиё давлатлари ишбилармонлари ва давлат органлари вакиллари иштирокида «B5+1» бизнес форуми бўлиб ўтди. Мазкур учрашувда АҚШ минтақанинг ўз ташқи иқтисодий сиёсатидаги устувор ўрнини, хусусан, ўта муҳим ресурслар соҳасидаги ҳамкорлик аҳамиятини яна бир бор тасдиқлади. Америкаликларнинг ушбу тармоққа қизиқиши янгилик эмас: 2023 йилнинг сентабр ойида Ню Йоркда бўлиб ўтган «C5+1» саммитида муҳим минераллар бўйича АҚШ — Марказий Осиё мулоқоти йўлга қўйилган эди. Мазкур форматдаги илк учрашув эса 2024 йилнинг феврал ойида ўтказилган.

Марказий Осиёнинг яширин салоҳияти
Экспертларнинг қайд этишича, Марказий Осиёдаги кўплаб муҳим хомашё конлари ҳали тўлиқ ўрганилмаган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, минтақанинг бешта давлати биргаликда марганец рудаси (жаҳон захираларининг қарийб 38,6 фоизи), хром (31 фоиз), қўрғошин (20 фоиз), рух (12,6 фоиз), титан (8,7 фоиз), шунингдек, мис, кобалт ва молибденнинг улкан захираларига эгалик қилади.
АҚШ Геология хизмати (USGS) маълумотларига кўра, минтақада нодир ва ноёб металларнинг жами 384 та кони аниқланган: Қозоғистонда — 160 та, Ўзбекистонда — 87 та, Қирғизистонда — 75 та, Тожикистонда — 60 та ва Туркманистонда — 2 та кон мавжуд.
«Nightingale Int.» сиёсий таҳлил агентлиги мутахассиси Элданиз Гусеиновнинг фикрича, минтақа давлатларининг қайси бири энг бой захираларга эга эканини аниқлаш ҳозирча мушкул. Бу икки асосий омилга боғлиқ: биринчидан, ҳамма давлатлар ҳам ўз конларини жаҳон бозорига очишга шошилаётгани йўқ. Келажакда ушбу металларга эҳтиёж янада ортишини тушунган ҳолда, улар ўз сиёсий вазнини ошириш учун стратегик кутиш йўлини афзал кўрмоқда. Иккинчидан, ҳар бир ресурс тури алоҳида таҳлилни талаб қилади. Тадқиқотлар Тиан-Шан ва Помир тоғ тизмалари улкан нодир металлар захирасига эга эканини кўрсатмоқда, бироқ сунъий йўлдош орқали геологик қидирув ишлари жуда қимматлиги сабабли, аниқ ҳисоб-китобларга ўтиш фақатгина ҳақиқий харидорлар қизиқиши аниқ бўлгандагина фойдали бўлади.
Шу билан бирга, эксперт Марказий Осиё республикаларининг рақобатчилари етарли эканини таъкидлайди, чунки АҚШда ўтган вазирлар учрашувида 55 та давлат иштирок этган.
«Улардан Марказий Осиёни унинг стратегик жойлашуви ҳамда Ғарб давлатларининг Хитой ва Россия билан рақобатлашиш истаги ажратиб туради», — дейди мутахассис.


АҚШнинг стратегик манфаатлари ва ҳамкорлик истиқболлари
Вашингтондаги «Second Floor Strategies» консалтинг компанияси президенти ва «Марказий Осиё нодир металларидан иқтисодий ўсиш йўлида фойдаланиш» ҳисоботи ҳаммуаллифи Уайлдер Алехандро Санчес ҳам АҚШнинг минтақадаги манфаатлари биринчи навбатда Хитой билан боғлиқлигини тасдиқлайди.
«Трамп маъмурияти Хитой ва унинг саноатига ҳамон рақобатчи ёки хавф сифатида қарамоқда. АҚШдаги ҳар икки партия раҳбарияти ҳам Хитойнинг муҳим минераллар ва нодир металлар бўйича жаҳон бозоридаги монополиясини синдиришга интиляпти», — дея тушунтиради у.
Санчес Вашингтондаги учрашувда Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам қатнашганини эслатиб ўтди. Ўзбекистон муҳим минераллар ва нодир металлар бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади. Остона ва Вашингтон эса бундай ҳужжатни 2025 йилнинг ноябридаёқ имзолаб бўлган эди. Ушбу ташаббуслар АҚШ ва минтақа давлатлари ўртасида янада яқинроқ алоқалар ўрнатиш учун янги имкониятлар очади.
Бироқ экспертнинг фикрича, ҳамкорлик истиқболлари анча мураккаблигича қолмоқда. Бу жараёнда Қозоғистон ва Ўзбекистон асосий етакчилар бўлади. Санчес Қирғизистон ва Тожикистоннинг бу масалага қанчалик қизиқиш билдиришига шубҳа билдирди, лекин Душанбе кўпроқ сармоя жалб қилишга интилиши мумкинлигини ҳам инкор этмади. Туркманистон эса, экспертнинг тахминига кўра, бу борада анча эҳтиёткорона ҳаракат қилади.
АҚШ ёки Хитой
Санчеснинг таъкидлашича, Трамп маъмурияти Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси давлатларининг Россия ҳамда Хитой билан алоқаларини заифлаштириш учун қўллаётган «Монро доктринаси»га ўхшаш стратегия Марказий Осиёда иш бермайди.
«Россия ва Хитой географик қўшнилар эканини, инвестиция ҳамда савдо алоқалари эса минтақа давлатлари иқтисодиётининг ўзаги ҳисобланишини инобатга олсак, Вашингтон маҳаллий ҳукуматлардан АҚШ ва Хитой ўртасида танлов қилишни талаб қила олмайди. Бу ҳукуматлар америкалик инвесторларга йўл очиш учун Хитой тоғ-кон компанияларини мамлакатдан чиқариб юбормайди», — дейди эксперт.
Ўз навбатида, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш бўйича қозоғистонлик мутахассис Телман Шуриевнинг айтишича, ҳамкорлик масаласида Хитой АҚШ ва Европага қараганда кўпроқ ютуққа эришмоқда.
Унинг фикрича, америкалик инвесторлар лойиҳаларнинг дастлабки босқичларига сармоя киритишни хуш кўрмайди; улар лойиҳа тўлиқ пишиб етилишини ва барча хавф-хатарлар камайтирилишини кутишни афзал билишади. Хитойлик инвесторлар эса, аксинча, ҳатто геология-қидирув босқичидаёқ нисбатан кичикроқ маблағ тикиб, муваффақиятсизлик эҳтимолини бўйнига олган ҳолда иш бошлашга тайёр. АҚШ кўпинча тайёр лойиҳаларга келади ва асосий улушни ёки назоратни ўз қўлига олишга интилади.

Давлатлар рақобати минтақада инвестицияларни диверсификация қилиш омили вазифасини ўтайди
АҚШдан ташқари, муҳим минералларга бошқа ўйинчилар — Европа Иттифоқи, Япония, Жанубий Корея ҳам қизиқиш билдирмоқда, деб қайд этади Элданиз Гусеинов. Унинг фикрича, давлатлар ўртасидаги рақобат Марказий Осиё учун фойдалидир, чунки бу уларни минтақа давлатларига янада жозибадор ҳамкорлик шартларини таклиф қилишга ундайди.
Бундай вазият Марказий Осиё учун инвестицияларни диверсификация қилиш ва минтақа мамлакатларининг инвестиция бозорларини янада мувозанатли қилиш имкониятини очади, дея қўшимча қилади қирғизистонлик иқтисодий эксперт. Унинг таъкидлашича, ҳамкорликка ўз обрўсига катта эътибор берадиган, экологик стандартларга риоя қиладиган ва масъулиятли ишлаб чиқариш технологияларидан фойдаланадиган дунёнинг етакчи брендларини жалб қилиш муҳимдир. Улар энг илғор технологик ечимларга эга ва бозорда узоқ муддат қолади, бу эса уларни ишончли ҳамкорга айлантиради.
Хомашё базасига айланиб қолмаслик: Марказий Осиё олдидаги чақириқлар
Минтақада йирик ўйинчилар ўртасидаги рақобат ҳам имкониятлар, ҳам хатарларни келтириб чиқаради. «Ғарб давлатларининг қазиб олиш саноатидаги ҳамкорлик орқали Марказий Осиёда кучайиши Хитой ва Россиянинг норозилигига сабаб бўлиши мумкин, улар эса, ўз навбатида, жавоб чораларини кўришлари эҳтимолдан холи эмас. Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатларининг рақобатлашаётган иқтисодиётларнинг ривожланишини таъминлаши стратегик аҳамиятга эга — бу йирик давлатларнинг бизнинг турли ўйинчилар билан ҳамкорлигимиздан норози бўлиши учун асосий туртки бўлади», — дейди Гусеинов.
Шу билан бирга, экспертларнинг фикрича, Марказий Осиё учун энг катта хавф — йирик давлатларга шунчаки хомашё етказиб берувчи бўлиб қолишдир.
Телман Шуриевнинг айтишича, минтақа фақат руда сотиш билан чекланмай, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариши шарт. Хитой тажрибаси шуни кўрсатадики, асосий даромад қазиб олишда эмас, балки чуқур қайта ишлашда. Шунинг учун ҳозирги инвестиция имкониятларидан фойдаланиб, хомашё сотиш моделидан воз кечиш лозим.
«Минтақа давлатлари кутиб туриши эмас, таклиф қилиши лозим»
Эксперт Телман Шуриевнинг фикрича, Қозоғистон ва Ўзбекистон биргаликда қўшма қайта ишлаш марказини ташкил қилиши керак. Бундай форматда хомашё ҳажмининг жамланиши лойиҳаларнинг ўзини оқлаш даражасини оширади, ҳолбуки тарқоқ ҳолдаги экспорт қайта ишлаш қувватларини қуришни иқтисодий жиҳатдан фойдасиз қилиб қўяди. Шу билан бирга, Элданиз Гусеинов Марказий Осиё ўта муҳим минераллар соҳасида ягона ва алоҳида минтақа эмаслигини таъкидлайди. Шунинг учун минтақа мамлакатларининг ўзлари ташқаридан тайёр ечимларни кутиб ўтирмасдан, ҳамкорларга қўшма лойиҳаларни таклиф этишлари лозим.





