Logo

Дорихоналарда дори нархлари нега ҳар хил ва харидор нималарни билиши керак?

Бугун 16:3010 дақиқа

Куз-қиш мавсумида шамоллаш ва грипп каби касалликлар кўпайиши билан дори-дармонларга эҳтиёж ҳам ортади. Бунда керакли дорини танлаш билан бирга, унинг нархини ҳам ҳисобга олиш муҳим. Шу сабабли Vaqt.uz 10 та базавий дорининг нархини учта онлайн дорихона агрегатори мисолида солиштирди.

Дорихоналарда дори нархлари нега ҳар хил ва харидор нималарни билиши керак?

Дори-дармон харид қилиш кўпчилик учун кундалик эҳтиёжлардан бирига айланиб улгурган. Айниқса, куз-қиш мавсумида шамоллаш ва грипп каби касалликлар кўпайиши билан дориларга талаб ҳам ортади. Сурункали касалликлари борлар эса йил давомида мунтазам дори харид қилишига тўғри келади.

Дори харидида фақат керакли препаратни топиш эмас, унинг нархи ҳам муҳим. Бир хил дори турли дорихоналарда ҳар хил нархда сотилиши, бренд, доза ва қадоқ ҳажми эса нархдаги тафовутни янада ошириши мумкин. Хўш, бир хил турдаги дорини қайси онлайн дорихонадан арзонроқ харид қилиш мумкин? Мақолада шуни кўриб чиқамиз.

Таҳририят изоҳи: ушбу мақола дори воситалари нархларини солиштириш, уларни тартибга солиш механизмларини тушунтириш ва харид вақтида эътибор бериш керак бўлган жиҳатларни ёритиш мақсадида тайёрланган бўлиб, бирор дори воситаси ёки дорихонани реклама қилишни кўзламайди.

Шамоллаш ва унинг аломатларида қўлланадиган дорилар

Ибуклин Актив (таб. №20) оғриқни камайтириш ва иситмани тушириш учун қўлланадиган дори воситаси. 


Ushbu preparat dorixonalarda retseptsiz beriladi.

Манба: Экран тасвири расмий агрегатор сайтлардан олинди

Ибуклин Активнинг 20 та таблеткали битта блистерини Apteka.uz ва Osonapteka.uz сайтларида 6 минг сўмдан, Arzonapteka.uz’да эса 10 минг сўмдан харид қилиш мумкин.

Ушбу дорихоналардаги нархлар ўртасидаги фарқ 4 минг сўмни ташкил этади. Arzonapteka’даги нарх бошқа икки платформадагига қараганда қарийб 67 фоиз юқори. Энг арзон таклифни танлаш орқали бир қадоқ учун 4 минг сўм тежаш мумкин.

Arzonapteka маълумотига кўра, препарат 376 та дорихонада мавжуд. Бу харидорларга ўзига қулай манзилдаги дорихонани танлаш имконини беради.

Парацетамол (500 мг, №10) шамоллаш пайтида иситмани тушириш ва оғриқни камайтириш учун қўлланади. «Merrymed Farm» томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ушбу препаратнинг нархи онлайн дорихоналарда бир-биридан фарқ қилади.


Ushbu preparat dorixonalarda retseptsiz beriladi

Манба: Экран тасвири расмий агрегатор сайтлардан олинди

Apteka.uz сайтида 10 таблеткали қадоқни 2 минг сўмдан, Osonapteka.uz’да 4 минг сўмдан, Arzonapteka.uz’да эса 5 минг сўмдан харид қилиш мумкин.

Энг арзон ва энг қиммат таклиф ўртасидаги фарқ 3 минг сўмни ташкил этади. Яъни, Arzonapteka.uz’даги бошланғич нарх Apteka.uz’дагига нисбатан 2,5 баравар юқори. Apteka.uz’да препарат 36 та дорихонада мавжудлиги кўрсатилган. 

Риноксил спрей (0,1%, 10 мл) бурун битишини енгиллаштириш учун қўлланадиган, «Nika Pharm» томонидан Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган дори воситаси ҳисобланади.

Ushbu preparat dorixonalarda retsept asosida beriladi. 

Манба: Экран тасвири расмий агрегатор сайтлардан олинди

Osonapteka’да препарат 16 минг 100 сўмдан, Арзонаптека’да 16 минг 800 сўмдан таклиф этилмоқда. Apteka.uz’да эса Молдовада ишлаб чиқарилган Риноксилнинг нархи 20 минг 400 сўмни ташкил этади. Учта платформадаги нархлар ўртасидаги тафовут 4 минг  300 сўмга етади. Бу энг юқори нарх энг паст нархдан қарийб 27 фоиз қимматлигини англатади.

Препаратнинг дорихоналарда мавжудлиги бўйича ҳам фарқ бор. Arzonapteka’да Rinoksil 1 минг 266 та, Apteka.uz’да эса 57 та дорихонада борлиги кўрсатилган. Бу маълумотлар платформаларда акс этган таклифлар қамрови турлича эканини кўрсатади.

АЦЦ 100 мг (20 та таблетка) — балғамни суюлтириш ва унинг нафас йўлларидан чиқишини осонлаштириш учун қўлланадиган дори воситаси. 

Германиянинг «Salutas Pharma» компанияси томонидан «Sandoz» бренди остида ишлаб чиқариладиган препарат учта онлайн дорихонада ҳам 30 минг сўмдан таклиф этилмоқда.

Ushbu preparat dorixonalarda retseptsiz beriladi. 

Манба: Экран тасвири расмий агрегатор сайтлардан олинди

Сурункали касалликлар ва бошқа ҳолатларда қўлланадиган дорилар

Эналаприл (10 мг, №20) юқори қон босимини туширишда қўлланадиган дори воситаси ҳисобланади. Россиянинг «Sintez OAO» компанияси томонидан ишлаб чиқариладиган препаратнинг нархи учта онлайн дорихонада деярли бир хил.


Ushbu preparat dorixonalarda retsept asosida beriladi.

Манба: Экран тасвири расмий агрегатор сайтлардан олинди

Arzonapteka.uz ва Osonapteka.uz сайтларида Эналаприлнинг 20 таблеткали қадоғи 3 минг 400 сўмдан, Apteka.uz’да эса 3 минг 700 сўмдан таклиф этилмоқда. Платформалар ўртасидаги нарх фарқи 300 сўмни ташкил этади. Бу Apteka.uz’даги бошланғич нарх бошқа икки платформадагига нисбатан қарийб 9 фоиз юқори дегани.

Мезим Форте (№20) — овқат ҳазм қилиш ферментлари етишмовчилигида қўлланадиган, таркибида панкреатин сақловчи препарат. Унинг нархи учта онлайн дорихонада 16 минг 100 сўмдан 17 минг 800 сўмгача фарқ қилади.

Ushbu preparat dorixonalarda retseptsiz beriladi. 

Манба: Экран тасвири расмий агрегатор сайтлардан олинди

Osonapteka’да препарат 16 минг 100 сўмдан, Arzonapteka’да 16 минг 700 сўмдан, Apteka.uz’да эса 17 минг 800 сўмдан таклиф этилмоқда. Энг юқори ва энг паст нарх ўртасидаги фарқ 1700 сўмни ташкил этади. Бошқача айтганда, Apteka.uz’даги нарх Osonapteka’дагига нисбатан қарийб 11 фоиз қиммат.

Дорихоналардаги мавжудлик бўйича ҳам тафовут бор: Arzonapteka.uz’да препарат 598 та, Apteka.uz’да эса 55 та дорихонада борлиги кўрсатилган.

Кюпен (50 мг/500 мг, №10) таркибида диклофенак натрий ва парацетамол сақловчи, оғриқни камайтириш ҳамда яллиғланишга қарши таъсир кўрсатиш учун қўлланадиган препаратдир.


Ushbu preparat dorixonalarda retsept asosida beriladi.

Манба: Экран тасвири расмий агрегатор сайтлардан олинди

Ушбу оғриқ қолдирувчининг 10 таблеткали қадоғи Apteka.uz ва Osonapteka’да 8 минг сўмдан таклиф этилган. Arzonapteka’да эса 10 талик қадоқ нархи 70 минг сўм деб кўрсатилган бўлса-да, бу сумма 100 та таблеткадан иборат катта қадоққа тегишли. Шу сабабли нархларни таққослашда катта қадоқдаги таблеткалар сони ҳам ҳисобга олинди. Натижада, 10 та таблетка Arzonapteka’да 7 минг сўмга тушади.

Умуман олганда, учала онлайн дорихонада ҳам Кюпен нархлари деярли бир хил. Arzonapteka’даги таклифнинг арзонроқ чиқиши эса дорининг катта қадоқда сотилиши билан боғлиқ.

Зодак (10 мг, №30) аллергия аломатларини камайтиришда қўлланадиган препарат бўлиб, унинг 30 таблеткали қадоғи Osonapteka’да 35 минг сўмдан, Arzonapteka’да 36 минг сўмдан таклиф этилган. Apteka.uz’да эса нарх 87 минг сўмдан бошланади.


Ushbu preparat dorixonalarda retseptsiz beriladi. 

Манба: Экран тасвири расмий агрегатор сайтлардан олинди

Arzonapteka ва Apteka.uz’да Зодакнинг дозаси, қадоқ ҳажми ва ишлаб чиқарувчиси бир хил — Чехиянинг «Zentiva» компанияси. Бироқ нархлар ўртасидаги фарқ 51 минг сўмга етади.

Osonapteka’да эса Полшанинг «Opella Healthcare» (Sanofi) компанияси ишлаб чиқарган препарат 35 минг сўмдан таклиф этилган. Бу нарх Arzonapteka’даги таклифдан 1000 сўм арзон, Apteka.uz’даги нархдан эса 52 минг сўмга паст.

Антибиотиклар нархи

Амоксициллин (500 мг, №10) — бактериялар сабаб бўладиган инфекцияларни даволашда қўлланадиган антибиотик. Ушбу препаратнинг нархи учала онлайн дорихонада фарқ қилади.


Ushbu preparat dorixonalarda retsept asosida beriladi.

Манба: Экран тасвири расмий агрегатор сайтлардан олинди

Ўзбекистонда Merrymed Farm ишлаб чиқарган ушбу антибиотик Arzonaptekaда 5 минг 400 сўмдан, Apteka.uz да 6 минг сўмдан, Osonapteka’да эса 6500 сўмдан таклиф этилган. Энг арзон ва энг қиммат нарх ўртасидаги 1100 сўмлик фарқ миқдор жиҳатидан унча катта кўринмаслиги мумкин, бироқ препаратнинг бошланғич нархига нисбатан қарийб 20 фоизни ташкил этади.

Ципрофлоксацин (500 мг, №10) — бактериялар сабаб бўладиган инфекцияларни даволашда қўлланадиган антибиотик. Ушбу антибиотикнинг нархи учта онлайн дорихонада 8 минг сўмдан 15 минг сўмгача фарқ қилади.

Ushbu preparat dorixonalarda retsept asosida beriladi.

Манба: Экран тасвири расмий агрегатор сайтлардан олинди

«Ўзкимёфарм» ишлаб чиқарган препарат Arzonapteka’да 8 минг сўмдан, Osonapteka’да эса 9 минг 700 сўмдан таклиф этилган. Яъни бир ишлаб чиқарувчининг дориси икки платформада 1700 сўмга фарқ қилади. Бунда Arzonapteka’да препарат фақат битта дорихонада мавжуд.

Apteka.uz’да эса бошқа маҳаллий ишлаб чиқарувчи, яъни «Nika Pharm» тайёрлаган Ципрофлоксацин-Ника 15 минг сўмдан сотилмоқда. Бу Ўзкимёфарм препаратининг Arzonapteka’даги нархидан 7 минг сўм қиммат. Бироқ бу таклиф бошқа ишлаб чиқарувчига тегишли.

Эслатиб ўтамиз, мақолада республика бўйича онлайн дорихона агрегаторларидаги таклифлар орасидан энг паст нархлар келтирилган. Амалдаги нархлар ҳудуд, дорихонанинг ижара ва логистика харажатлари ҳамда бошқа омилларга қараб фарқ қилиши мумкин. Дориларнинг мавжудлиги ва нархи вақт ўтиши билан ҳам ўзгаради.

Бир хил дори, турли нарх

Кўриб чиқилган дорилар кундалик ҳаётда кенг қўлланадиган, кўпчилик харид қила оладиган базавий препаратлардир. Шунга қарамай, уларнинг нархи учта онлайн дорихонанинг ўзида ҳам бир-биридан анча фарқ қилади. Масалан, Зодакнинг дозаси, қадоқ ҳажми ва ишлаб чиқарувчиси бир хил бўлган таклифлар орасидаги тафовут 51 минг сўмга етади. Парацетамолнинг эса энг қиммат таклифи энг арзонидан 2,5 баравар юқори.

Бу харидор бир хил дорини танлаган тақдирда ҳам, уни қаердан сотиб олишига қараб анча кўп ёки кам пул сарфлайди. Бунда фақат нархнинг ўзига эмас, дорининг ишлаб чиқарувчиси, дозаси ва қадоқ ҳажмига ҳам эътибор қаратиш керак.

Бироқ дорихоналар билан боғлиқ яна бир муҳим жиҳат бор. Яъни айрим дори воситалари учун чегаравий чакана нархлар белгиланган. Хўш, Ўзбекистонда дори нархлари қандай тартибга солинади ва уларни қандай текшириш мумкин?

Ўзбекистонда дори нархлари қандай тартибга солинади?

Ўзбекистонда айрим дори воситаларининг улгуржи ва чакана нархлари давлат томонидан чекланади. Бунда референт нарх тизими қўлланиб, препаратларнинг нархи белгиланган 10 та референт давлатдаги нархлар билан солиштирилади ва улар учун рухсат этилган энг юқори нарх белгиланади.

Ушбу нархларни Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг расмий референт нархлар рўйхати орқали текшириш мумкин.

Бундан ташқари, тегишли дори воситаларини сотишда қўлланадиган устамалар ҳам чекланган. Яъни, улгуржи савдода харид ёки божхона қийматига нисбатан 15 фоизгача, чакана савдода эса улгуржи нархга нисбатан 20 фоизгача устама қўлланади. Бу талаблар барча препаратларга эмас, нархи тегишли тарзда тартибга солинадиган дори воситаларига тааллуқли. 

Шунга қарамай, белгиланган нарх талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари ҳам учрамоқда. Яқинда Рақобат қўмитасининг Тошкентдаги дорихоналарда ўтказган «Сирли мижоз» текширувларида айрим дорилар рухсат этилган нархдан олти бараваргача қиммат таклиф этилгани аниқланган.

Масалан, «Шунқорлар» дорихонасида 12 минг 800 сўмлик Полимик 70 минг сўмдан, «Мунo Фарм»да эса 50 минг 700 сўмлик Стимулотон 295 минг сўмдан таклиф қилинган.

Бундай қонунбузарликларнинг олдини олишда харидорларнинг ҳам иштироки муҳим. Дори нархини текшириш ва эҳтимолий қоидабузарликлар ҳақида хабар беришнинг бир неча йўли бор.

Биринчиси — дори воситаларининг белгиланган нархларини текшириш ва эҳтимолий қоидабузарликлар ҳақида хабар бериш учун «PharmUz» мобил иловасидан ҳам фойдаланиш мумкин. Илова орқали препаратнинг давлат томонидан белгиланган референт нархини кўриш, агар дори ушбу нархдан қиммат сотилаётган бўлса, «Шикоятлар» бўлими орқали мурожаат юбориш мумкин.

Бундай имконият харидорга дори нархини олдиндан текшириш ва шубҳали ҳолат ҳақида тегишли ташкилотларга хабар беришда ёрдам беради.

Иккинчиси — «Soliq» мобил иловасидан фойдаланиш. Солиқ қўмитаси ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг ахборот тизимлари интеграцияси орқали харид чекларидаги маълумотларни белгиланган нархлар билан солиштириш имконияти яратилган.

Харидор дорихонадан дори сотиб олгач, «Soliq» иловасидаги «Чекни сканерлаш» функцияси орқали QR-кодли чекни рўйхатдан ўтказиши мумкин. Агар тизимда дори нархи белгиланган чегарадан юқори экани аниқланса, харидор тегишли мурожаат функцияси орқали бу ҳақда солиқ органларига хабар бериши мумкин.

Дорихона чек бермаса-чи?

Дори сотиб олаётганда харидорга фискал чек берилиши керак. Агар дорихона чек бермаса ёки QR-кодсиз оддий терминал квитанциясини тақдим этса, харидор «Soliq» иловасининг «Солиқ ҳамкор» бўлими орқали мурожаат қилиш имкониятини текшириши мумкин.

    

Screenshot_20261014_130729

Screenshot_20261014_130715

Мурожаатда дорихонанинг номи, манзили ва чек берилмагани ҳақидаги маълумотларни кўрсатиш керак.

Шу боис, дори сотиб олишдан олдин унинг белгиланган нархини текшириш, харид чекини сақлаш ва қоидабузарликка дуч келганда тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш ортиқча харажатларнинг олдини олишга ёрдам беради. 

Фармацевтика саноати беш йилда қандай ўзгарди?

Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми кенгаймоқда. Айниқса, сўнгги 5 йилда мамлакатда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 2,54 трлн сўмдан 5,10 трлн сўмга етди. Натижада ишлаб чиқариш қиймати қарийб 2 бараварга ошган.

Yil

Ishlab chiqarilgan mahsulot hajmi, trln so‘m

2020

2,54 trln so‘m

2021

3,90  trln so‘m

2022

3,40 trln so‘m

2023

4 trln so‘m

2024

4,90  trln so‘m

2025

5,10  trln so‘m

2026-yil yanvar-avgust 

4,40  trln so‘m


Бироқ 2021-йилда фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 3,90 трлн сўмгача етди. Шундан сўнг ишлаб чиқариш ҳажми ҳар йили ошиб, 2023-йилда 4 трлн сўмга, 2024-йилда эса 4,90 трлн сўмга етган. 2025-йилда ўсиш секинлашган бўлса-да, ишлаб чиқариш ҳажми 5,10 трлн сўмни ташкил этган.

2026-йилнинг дастлабки саккиз ойида йирик корхоналар 4,4 трлн сўмлик асосий фармацевтика маҳсулотлари ва препаратларини ишлаб чиқарди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24,9 фоизга кўп.

Ишлаб чиқаришнинг асосий қисми Тошкент шаҳрига тўғри келган — 2,4 трлн сўм. Сирдарё вилоятида 913,7 млрд сўмлик, Тошкент вилоятида эса 332,5 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган.

Айни пайтда мамлакатда 300 дан ортиқ фармацевтика корхонаси бор, уларнинг 58 таси бевосита дори воситаларини ишлаб чиқаради. Шу даврда маҳаллий дори воситаларини ишлаб чиқариш ҳам икки бараварга кўпайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ фармацевтика ишлаб чиқариши 30 фоизга ошганига қарамай, дорихоналарда нархлар нега пасамаётгани ҳақида ёзган эдик. Материалда импорт хомашёсига қарамлик, бозордаги рақобат ва дори воситаларини тақсимлаш тизими нархлар шаклланишига қандай таъсир қилиши ёритилган.

Теглар

Мавзуга оид

Дорихоналарда дори нархлари нега ҳар хил ва харидор нималарни билиши керак? | Vaqt.uz