Аввалроқ Янги Тошкент қурилиши дирекцияси томонлар умумий қиймати 2,5 млрд долларга баҳоланаётган 8 та устувор лойиҳани белгилаб олганини маълум қилганди. Улар орасида метро линиялари, спорт ва тиббиёт мажмуалари, шаҳар инфратузилмаси ҳамда кўп функцияли шаҳарсозлик лойиҳалари бор.
Евроосиё тараққиёт банки Янги Тошкентдаги инфратузилма лойиҳаларини молиялаштириш учун дастлабки 100 млн доллар ажратиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ Янги Тошкент қурилиши дирекцияси томонлар умумий қиймати 2,5 млрд долларга баҳоланаётган саккизта устувор лойиҳани белгилаб олганини маълум қилганди. Улар орасида метро линиялари, спорт ва тиббиёт мажмуалари, шаҳар инфратузилмаси ҳамда кўп функцияли шаҳарсозлик лойиҳалари бор.
Янги Тошкент инфратузилмасини ривожлантириш ва халқаро инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Евроосиё тараққиёт банки ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги Тошкент қурилиши дирекцияси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат банк бошқаруви раисининг ўринбосари Алексей Скатин ва Янги Тошкент қурилиши дирекцияси раҳбари, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Давронжон Одилов томонидан имзоланган. Маросим ЕТТБ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи давомида бўлиб ўтган.
Банк бошқаруви раиси Николай Подгузов Янги Тошкентни Марказий Осиёдаги энг йирик шаҳарсозлик лойиҳаларидан бири деб атади. Унинг таъкидлашича, лойиҳани амалга ошириш катта миқдорда инвестиция ва замонавий молиявий ечимларни талаб қилади.
«Дастлабки босқичнинг ўзидаёқ умумий қиймати 100 млн долларлик истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш имкониятини кўриб чиқмоқдамиз», — деди Подгузов.
Унинг сўзларига кўра, банкнинг мақсади шунчаки маблағ жалб қилиш эмас. Муҳими, йирик инфратузилма лойиҳаларини инвесторлар учун жозибадор қилиш ва уларнинг иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлашини таъминлашдир. Подгузов банк мураккаб лойиҳаларни молиялаштириш, давлат-хусусий шериклик механизмларини йўлга қўйиш ва халқаро инвесторларни жалб қилиш бўйича ўз тажрибасидан фойдаланишга тайёрлигини билдирди.
Ҳамкорликнинг яна бир йўналиши банкка аъзо давлатлардан инвестициялар жалб қилиш бўлади. Томонлар ушбу мамлакатларда Янги Тошкентнинг инвестиция имкониятларини тарғиб қилишни режалаштирмоқда. Меморандумда лойиҳаларни тайёрлаш учун банкнинг Техник ёрдам фонди маблағларидан фойдаланиш имконияти ҳам кўзда тутилган. Бу маблағлар зарур тадқиқотлар ўтказиш, лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш ва уларни молиялаштиришга тайёрлаш учун сарфланиши мумкин.
Янги Тошкент қурилиши дирекцияси маълумотларига кўра, ҳозирча асосий йўналишлар сифатида метро линиялари, спорт ва тиббиёт мажмуалари, шаҳар инфратузилмаси ҳамда кўп функцияли шаҳарсозлик лойиҳалари белгиланган.
Евроосиё тараққиёт банки Евроосиё минтақасидаги давлатларга инвестиция киритадиган халқаро молия ташкилоти ҳисобланади. 2026-йилнинг июн ойи охирига келиб, банкнинг умумий инвестиция портфели 348 та лойиҳани қамраб олган. Уларнинг умумий қиймати 22,1 млрд долларни ташкил этган. Банк инвестицияларининг асосий қисми транспорт инфратузилмаси, рақамли тизимлар, яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва машинасозлик соҳаларига йўналтирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Евроосиё тараққиёт банки 2027-йилда Ўзбекистонга 500 млн доллар инвестиция киритмоқчилигини айтганди. Банк Марказий Осиё учун тўғридан-тўғри инвестициялар фондини ташкил этмоқчи.
Жаҳон банки Самарқандда тиббиётни ривожлантириш учун 100 млн доллар ажратганди. Қолаверса, Осиё тараққиёт банки Ўзбекистонда турли соҳаларни ривожлантириш учун бир қатор кредитлар ажратиши ҳақида хабар берилганди. Жумладан, банк яримўтказгич саноатини ривожлантириш учун 50 минг доллар, электр тақсимлаш тизимини модернизация қилиш учун эса 200 млн доллар кредит ажратади. Электр тармоқларини янгилаш дастурига Жаҳон банки ҳам 100 млн доллар йўналтиришни режалаштирган.
Шунингдек, ОТБ Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун 60 млн доллар имтиёзли кредит ажратади. Лойиҳа беш ҳудуддаги қарийб 29 мингта фермер хўжалигини қамраб олади. Унга қўшимча равишда 8 млн доллар грант ҳам жалб қилинади.