Унда партиянинг янги Сиёсий дастури, мафкуравий қарашлари ва ташкилий тузилмаси кўриб чиқилади.
4 декабрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг (ЎзЛиДеП) навбатдаги Конгресси бўлиб ўтади. Тадбирда 1 500 нафар делегат иштирок этади.
Конгресс кун тартибидан учта муҳим масала ўрин олган. Хусусан, делегатлар партиянинг янги Сиёсий дастури лойиҳасини муҳокама қилади, мафкуравий қарашларни янгилаш ва фаолиятни Янги Ўзбекистон талабларига мувофиқлаштириш масалаларини кўриб чиқади, шунингдек, партиянинг ташкилий тузилмасини илғор халқаро тажриба асосида қайта кўриб чиқади.
Партиянинг навбатдаги Конгрессига тайёргарлик доирасида мамлакат бўйлаб кенг кўламли муҳокамалар ўтказилди. Хусусан, 17 мингта бошланғич партия ташкилоти йиғилишларида 1,5 миллион киши қатнашди. 208 та туманда 22 мингдан ортиқ иштирокчи янги Сиёсий дастур лойиҳасини муҳокама қилган бўлса, 14 та ҳудудда 4 200 нафардан ортиқ иштирокчи жойлардан билдирилган таклифларни кўриб чиқди.
Муҳокамалар марказида партиянинг кенгайиб бораётган электорати — тадбиркорлар, зиёлилар, таълим ва тиббиёт ходимлари, маданият, спорт, ОАВ, IT ва финтех соҳаси вакиллари, ёшлар ҳамда хотин-қизлар манфаатларини янги Сиёсий дастурда кенгроқ ифодалаш масаласи турди.
Конгресс партиянинг келгуси фаолияти, мафкуравий йўналиши ва жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини ифодалашдаги устувор вазифаларини белгилаб бериши кутилмоқда.