Пойтахт метрополитенида йўловчилар оқимини ошириш ва бекатлардаги тирбандликни камайтириш мақсадида янги поездлар олиб келинади, яна 40 та поезд беш вагонли тизимга ўтказилади.
Кейинги икки йилда Тошкент метрополитенига 28 та янги беш вагонли поезд олиб келинади, ҳозир фойдаланилаётган 40 та тўрт вагонли поезд эса беш вагонли тизимга ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Автомобил йўллари қўмитасининг илмий-амалиёт марказида транспорт-логистика соҳаси инвесторлари ва тадбиркорлари билан ўтказган учрашувида маълум қилинди.
Йиғилишда қайд этилишича, ҳозирда пойтахтдаги йўловчиларнинг 46 фоизи метро хизматидан фойдаланмоқда. Метрополитендан кунлик фойдаланиш 25 фоизга ошган ва йил якунига қадар йўловчилар сони кунига 1,3 млн нафарга етиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, бекатларда тирбандлик ва поездларга чиқишда навбатлар кузатилаётгани таъкидланди. Янги поездларни олиб келиш ва мавжудларини беш вагонли тизимга ўтказиш ушбу муаммони камайтиришга қаратилган.
Автобус йўналишлари ва тадбиркорларга имтиёзлар
Учрашувда жамоат транспортини ривожлантириш ва йўловчиларга қулай шароит яратиш бўйича бошқа вазифалар ҳам белгиланди. Жумладан, пойтахтни агломератсия ҳудудлари билан боғловчи, узунлиги 20 километргача бўлган барча автобус йўналишлари тўлиқ «брутто» тизимига ўтказилади.
Шунингдек, камида 100 та автобусга мўлжалланган автобус саройларини қурадиган тадбиркорларнинг қурилиш харажатлари солиқ базасидан чегириб берилади. Мутасаддиларга бир ой муддатда олис ҳудудларни шаҳарлар билан боғловчи йўналишлар учун тадбиркорларга манфаатли янги молиялаштириш механизмини ишлаб чиқиш топширилди.
Маълум қилинишича, сўнгги уч йилда тадбиркорлар томонидан 3,5 мингдан зиёд замонавий автобус олиб келинди, 330 та йўналиш янги тизимга ўтказилди. Натижада кунлик йўловчилар оқими Тошкентда икки баробар, ҳудудларда эса 2,5 баробар ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 1,6 млрд долларлик 9 та йирик логистика маркази қурилиҳи ҳақода хабар берилганди.