Logo

Янги Тошкентга илк аҳоли 2027-йил баҳорида кўчиб ўтади

Bugun 15:201 daqiqa

Янги Тошкент шаҳрида илк хонадонларга 2027-йил баҳорида аҳоли кўчиб ўтиши режалаштирилмоқда. Йил охиригача 15 минг квартира топширилади, келаси йили эса ҳудудда 50 мингга яқин киши яшаши кутилмоқда.

Янги Тошкентга илк аҳоли 2027-йил баҳорида кўчиб ўтади © Ijtimoiy tarmoqlar

Янги Тошкент шаҳри қурилиш дирекцияси директори ўринбосари Мақсуд Аббосхонов 27-ноябрда ўтказилган матбуот анжуманида илк уйларга 2027-йил баҳорида аҳоли кўчиб ўтиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда spot нашри хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, дирекция ҳозирда 20 минг квартирадан иборат «Шарқ баҳори» турар жой мажмуасини қуриб битказмоқда. Аҳолини мажмуага 2027-йил баҳорида кўчириш режалаштирилган. Аббосхонов йил охиригача 15 минг квартира топширилишини айтди.

2027-йилда ҳудудда 50 мингга яқин киши, жумладан, талабалар ҳамда ҳозирда янги шаҳар ҳудудида вақтинча ишлаётган вазирлик ва идоралар ходимлари яшаши кутилмоқда. Тўлиқ қуриб битказилгач, «Янги Тошкент»да 1,5 млн аҳоли яшаши режалаштирилган.

Эътиборлиси, топшириладиган хонадонлар сони бўйича аввал бошқа рақам айтилганди. 12-октябрда президент Шавкат Мирзиёев «Янги Тошкент» қурилишини жадаллаштириш масалалари юзасидан инвестор ва тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотда йил охиригача шаҳарда 20 минг хонадон фойдаланишга топширилиши ва бу камида 70 минг киши учун янги яшаш муҳити яратиши айтилганди. Давлат раҳбари уйлар билан бир вақтда аҳолига дам олиш, спорт, савдо, таълим ва тиббиёт хизматлари ҳам йўлга қўйилиши зарурлигини таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Евроосиё тараққиёт банки Янги Тошкент учун дастлабки 100 млн долларни ажратишни кўриб чиқаётгани маълум қилинганди.

Teglar

Mavzuga oid