Logo

Зўравонлик, эрта никоҳ ва 16 ёшгача ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш тартиби белгиланди

Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, вояга етмаганларнинг никоҳи ҳамда 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида 102 ёки 112 рақамлари орқали хабар берилади.

Зўравонлик, эрта никоҳ ва 16 ёшгача ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида хабар бериш тартиби белгиланди © GemenAI

Ўзбекистонда ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш, улар ҳақида тегишли идораларга хабар бериш ҳамда жабрланувчиларни ҳимоя чоралари ва мавжуд ижтимоий хизматлар ҳақида хабардор қилиш тартиби белгиланди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 25 ноябрдаги “Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақида хабар қилиш тартиби тўғрисида”ги 640-сон қарорида белгиланган.

Низомга кўра, хабардор қилувчи субъектлар томонидан ўз хизмат ва касб фаолияти давомида ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик, шунингдек, вояга етмаганларнинг никоҳи ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари қуйидаги манбалар орқали аниқланади:

• жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари;
• таълим-тарбия жараёнидаги педагогик кузатувлар ҳамда таълим олувчилар, уларнинг ота-оналари билан ўтказилган суҳбатлар; • фуқароларга тиббий ёрдам ва реабилитация хизматларини кўрсатиш, уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва диспансер назоратига олиш жараёнлари;
• ўз хизмат ва касб фаолияти давомида бошқа манбалардан олинган маълумотлар.

Хабардор қилувчи субъектнинг масъул ходими хабарнома юборилган вақтда ёки уни юборгандан сўнг зудлик билан жабрланувчи шахсга тушунарли ва унга мақбул шаклда қуйидагилар тўғрисида маълумот беради:

• хабарнома юборилганлиги ва унинг мазмуни;
• «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунда назарда тутилган ҳимоя чоралари, шу жумладан, ҳимоя ордери;
• «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳамда бошқа жабрланган хотин-қизларга ёрдам кўрсатувчи ташкилотларда мавжуд хизматлар;
• «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ва бошқа ташкилотлар орқали бепул юридик маслаҳат олиш ҳуқуқи.

Идоравий ахборот тизимлари тўлиқ интеграция қилингунига қадар хабардор қилувчи субъектлар томонидан Ички ишлар вазирлигининг «102» ёки «112» ягона диспетчерлик хизмати тизимига телефон қилиш орқали хабар берилади.

Teglar

Mavzuga oid