Қоидабузарлик такрорланса ёки жарима тўланмаса, улар депортатсия қилиниши ва мамлакатга кириши 3 йилгача чекланиши мумкин.
Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартибини бузган чет эл фуқароларига базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари — 4,4 млн сўм миқдорида жарима солинади. Бу ҳақда Сенатнинг 21-ялпи мажлисида маъқулланган тегишли қонунда маълум қилинди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги 49⁶-модда билан тўлдирилмоқда. У чет эл фуқароси ёки доимий равишда бошқа давлат ҳудудида яшаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга қуйидагилар учун жарима солишни назарда тутади:
— тасдиқномасиз ёки унинг амал қилиш муддати тугаганидан кейин Ўзбекистонда ишлаш;
— тасдиқномада белгиланмаган меҳнат фаолияти билан шуғулланиш.
Такрорий қоидабузарлик учун жазо
Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такроран содир этилса ёки жарима тўланмаса, шахс Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юборилиши мумкин. Шунингдек, унинг мамлакатга кириш ҳуқуқи уч йилга чекланади.
Ҳозирги қонунчиликда бундай ҳолатлар учун чет эл фуқароларининг бевосита маъмурий жавобгарлиги назарда тутилмаган эди.
Сенаторлар қонун чет эл фуқароларининг қонуний ишлашини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилишини таъкидлади.