Logo

Тошкентда чиқинди олиб чиқиш тарифини киши бошига ойига 10 минг сўмга ошириш таклиф этилди

Янги тарифлар 15 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади ва шаҳар Кенгаши сессиясида кўриб чиқилади.

Тошкентда чиқинди олиб чиқиш тарифини киши бошига ойига 10 минг сўмга ошириш таклиф этилди

Тошкент шаҳрида 2027 йил учун аҳолидан қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш хизмати тарифини бир киши учун бир ойда 10 000 сўм (ҚҚСсиз) миқдорида белгилаш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳри Кенгашининг 2026 йил 25 ноябрдаги ДКҚ 03-05/140-26-сонли доимий комиссия қарорида маълум қилинди.

rasm

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари порталида («kengash.gov.uz») эълон қилинган ҳужжат «Махсустранс — ишлаб чиқариш бошқармаси» давлат муассасаси томонидан 2027 йил учун маиший чиқинди хизматларига тўлов тарифларини кўриб чиқишга бағишланган. Қарорнинг 1-иловасида чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, қайта юклаш станциялари, полигонларни тасарруф этиш ҳамда чиқиндиларни экосаноат зоналарига етказиб бериш хизматлари учун тарифлар миқдори келтирилган.

Бюджет ташкилотлари, юридик шахслар ва тадбиркорлар учун тарифлар

Ҳужжатга кўра, бюджет ташкилотлари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларга маиший чиқиндиларни олиб чиқиш бўйича қуйидаги тарифлар (ҚҚСсиз) белгиланган:

— Қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш: 1 м³ учун 119 969,79 сўм;
— Суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиш: 1 тонна учун 251 744,65 сўм.

Қарор иловасида бюджет ташкилотлари, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун Бектемир, Яккасарой ва Юнусобод қайта юклаш станциялари ҳамда «Оҳангарон» полигони орқали кўрсатиладиган хизматлар тарифлари (ҚҚСсиз) ҳам алоҳида кўрсатилган:

— Қайта юклаш станцияларидан ташиш: қаттиқ маиший чиқиндиларни Бектемир, Яккасарой ва Юнусобод қайта юклаш станцияларидан махсус юк машиналари ёрдамида «Оҳангарон» полигонига ташиш хизмати (ЧҚЮ ва УК филиали) — 1 тонна учун 104 676,50 сўм;

— Қайта юклаш станцияларида қабул қилиш: қаттиқ маиший чиқиндиларни Бектемир, Яккасарой ва Юнусобод қайта юклаш станцияларида қабул қилиш хизмати (ЧҚЮ ва УҚ филиали) — 1 тонна учун 155 281,27 сўм. Қайд этилишича, ушбу тарифга чиқиндиларни қайта юклаш станцияларида пресслаш (зичлаш) ҳамда чиқинди полигонида утилизация қилиш харажатлари киритилган;

— Полигонда қабул қилиш ва утилизация қилиш: қаттиқ маиший чиқиндиларни «Оҳангарон» полигонига қабул қилиш ва утилизация қилиш хизмати (ЧҚЮ ва УК филиали) — 1 тонна учун 79 199,28 сўм;

— Полигонда қабул қилиш ва кўмиш: қаттиқ маиший чиқиндиларни «Оҳангарон» полигонига қабул қилиш ва кўмиш хизмати (ЧҚЮ ва УҚ филиали) — 1 тонна учун 1 148 146,48 сўм.

Teglar

Mavzuga oid