Йўқолган киловаттлар, қайтган миллионлар — ҳафта дайжести
Газ йўқ, баллон келмайди, «заправка»да тўлдирсангиз жарима, расмийлар эса газ борган сари камаймоқда деяпти. Бу ҳафта одамларнинг энг кўп муҳокама қилган мавзуси шу бўлди. Бундан ташқари тоза ҳавони банкада сотмоқчи бўлишяпти. Швейцариядан эса Каримованинг яна 252,5 миллион доллари қайтяпти. Ҳафтaнинг энг муҳим воқеалари Vaqt.uz дайжестида.
Каримованинг яна 252,5 миллион доллари қайтади
Отаси мамлакатни чорак аср бошқарган. Қизининг хориждаги миллионлари эса энди босқичма-босқич халққа қайтяпти. Швейцария биринчи президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримованинг ноқонуний ўзлаштирилган активларидан яна 252,5 миллион долларни Ўзбекистонга қайтаради. Битим 24-ноябр куни тасдиқланди. Маблағ «Ишонч — 2030» траст жамғармаси орқали келади. Пул икки йўналишга сарфланади. Соғлиқни сақлашда болалар ва ўсмирларга тиббий ёрдамни яхшилаш, касалликларни эрта аниқлаш, айрим онкологик касалликларни даволаш имкониятларини кенгайтириш ва шифокорлар малакасини ошириш режалаштирилган.
Таълим йўналишида эса янги мактаблар қурилади, рақамли технологиялар жорий этилади, ўқитувчилар малакаси оширилади. Айниқса, қишлоқ ҳудудлари ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланган аҳолига эътибор қаратилади. Лойиҳаларни танлаш ва амалга оширишда БМТ ва Жаҳон банки иштирок этади, пулнинг мақсадли сарфланиши назорат қилинади.
Бу биринчи қайтим эмас. 2022-йилда Швейцария билан қарийб 131 миллион, 2025-йилнинг февралида яна 182 миллион долларни қайтариш бўйича келишувлар имзоланган. Жами 313 миллион доллар «Ишонч» жамғармаси орқали аҳоли манфаатларига йўналтирилиши белгиланган. Аввалги босқичда 87 миллион доллар оналар ва болалар саломатлиги, перинатал хизматлар, таълим сифати ва ўқитувчиларнинг рақамли кўникмаларига йўналтирилган.
Пуллар қайтаётган бўлса-да, Каримованинг ўзи ҳамон қамоқда. 2015-йилда у товламачилик ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбдор деб топилиб, беш йил озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. 2017-йилда унга нисбатан яна ҳукм чиқарилган. 2019-йилда эса уй қамоғи тартибини бузгани учун жазони ижро этиш муассасасига ўтказилган. 2020 йил 18 мартда Тошкент шаҳар суди уни жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топди. Унга 13 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, муддат 2015-йил 21-августдан ҳисобланади.
Каримова дастлаб аёллар колониясида сақлангани маълум эди. Кейинчалик қонунчиликка кўра ёпиқ колониядаги муддати тугагач, у манзил-колонияга ўтказилгани очиқланган.
Давлатга ваъда қилинган «Hilton» кимники бўлди?
Швейцария ўз ваъдасини бажариб, Каримованинг пулларини қайтаряпти. Тошкентдаги бир ваъда эса ҳали ҳам бажарилмаган. 2019-йилда «Hilton» меҳмонхонаси ва Конгресс-холл қуриб битказилгач, давлатга беғараз топширилиши айтилган эди. Уни қурган «AKFA Dream World» бир неча йил ҚҚС ва фойда солиғидан озод қилинган. Аммо ваъда бажарилмади. 2026-йилнинг октябрида меҳмонхона 2018–2023-йилларда Тошкент шаҳри ҳокими бўлган тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев оиласи назоратидаги АҚШдаги «TEG Overseas» компанияси таркибига киритилгани маълум бўлди.
Компания акциялари АҚШ фонд бозорида сотилгани учун молиявий ҳисоботлари ҳам очиқ. Уларда 100 миллион долларлик кредит бўйича кафиллик кўрсатилган. 2025-йил ва 2026-йилнинг дастлабки олти ойида мулкдорга жами 17,5 миллион доллар тақсимланган. Ўзаро боғлиқ компаниялар ўртасида миллионлаб долларлик битимлар ҳам қайд этилган. Компания энди Тошкентдаги яна олтита меҳмонхонани ўз портфелига қўшмоқчи.
Давлатга берилиши айтилган меҳмонхона қандай қилиб хусусий компанияга ўтди, бу бизнес қанча даромад топяпти ва ортида қандай мажбуриятлар бор? Батафсил таҳлилни Vaqt.uz’нинг алоҳида материалидан билиб олишингиз мумкин.
Етти қават ўрнига 41 қават
«Hilton» билан боғлиқ саволлар жавобсиз турган бир пайтда пойтахт марказидаги яна бир меҳмонхона баҳсга сабаб бўлди. Бу сафар гап кимга тегишли эканида эмас, қанчалик баланд бўлишида. «City Palace» ўрнида 540 хонали, конгресс маркази бўлган 41 қаватли мажмуа қуриш таклиф қилинмоқда. Лойиҳа 23-ноябр куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда муҳокама қилинди. Лойиҳа вакиллари барча тайёргарлик тугагани, фақат қаватлар сонига рухсат олиш қолганини айтди. Муаммо шундаки, амалдаги бош режага кўра бу ҳудудда етти қаватгача бино қуриш мумкин.
Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов 41 қаватли бино Амир Темур ҳайкали кўринишини тўсиб қўйишидан хавотир билдирди. Лойиҳа вакили эса ҳайкал тўсилмаслигини айтди. Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев гапни қисқа қилди: тасдиқланган бош режадаги қаватлар сони алоҳида инвесторнинг илтимоси билан ўзгармайди.
Урбанизация қўмитаси вакилининг айтишича, инвесторга қўшни «InterContinental»дан, яъни тахминан 21 қаватдан баланд бўлмаган лойиҳа тайёрлаш таклиф қилинган. Аммо кўриб чиқиш ҳали маъқуллаш дегани эмас. Хўжаев масъул идораларга рухсат этилган қаватлар сонини кўрсатиб, инвесторга расмий жавоб беришни топширди. Ҳозирча 41 қаватга рухсат йўқ. Бино 7 қаватли бўладими ёки 41 қаватли, қишда барибир уни иситиш керак. Мана шу ерда энг оғриқли мавзу бошланади.
Қиш келди, навбат ҳам
Ҳаво совий бошлади дегунча, таниш манзаралар қайтади: «заправка»лар олдидаги навбатлар, бўш баллон кўтариб юрган одамлар, «газ қачон келади?» деган саволлар. Ижтимоий тармоқларда энг кўп тилга олинадиган идора яна Энергетика вазирлиги бўлиб қолди. Эслатиб ўтамиз, юқорида тилга олинган Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам 2023-йилнинг январ ойида айнан қишга етарли тайёргарлик кўрмагани учун пойтахт ҳокими лавозимидан олинган эди.
Баллонни «заправка»да тўлдирса бўладими?
Ой бошида суюлтирилган газ нархи 2,5 баробар ошгани ҳақида ёзган эдик. Энди янги муаммо чиқди: 2-ноябр куни имзоланган қонунга кўра, автомобиль «заправка»лари маиший баллонни тўлдирса, 1 миллион 320 минг сўмдан 2 миллион 200 минг сўмгача жаримага тортилади. Жарима фуқарога эмас, шохобчага солинади. Норма 2027-йил 5-февралдан, яъни қишнинг энг қаҳратон пайтида кучга киради.
Расмийлар баллонни рухсатли махсус шохобчаларда тўлдириш мумкинлигини айтмоқда. Аммо уларнинг сони бўйича рақамлар мос келмайди: «LPG-Trade» «300 дан ортиқ», «Ҳудудгазтаъминот» эса «360 дан ортиқ» дейди. Vaqt.uz’га тақдим этилган рўйхатда 325 та шохобча бор, уларнинг 107 таси биргина Самарқанд вилоятида. Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Навоий ва Сирдарёда эса бундай шохобча умуман йўқ.
Иқтисодчи Отабек Бакиров янги тартибни «танловсиз қолган истеъмолчини жазолайдиган навбатдаги ёмон қонун» деб атади. Навоийлик чойхона эгасининг айтишича, газ ўчган кунлари улар пропан билан ишларда, энди бундай кунлари чойхона ёпилади. Тармоқ фойдаланувчилари эса одамлар газни машинага қуйиб, уйда шланг билан баллонга ўтказа бошлашидан огоҳлантирмоқда, бу эса хавфни янада оширади. «Ҳудудгазтаъминот» «заправка»ларда махсус постлар очишни таклиф қилди, аммо улар қачон ва қаерда очилиши ҳозирча номаълум. Батафсил таҳлилни Vaqt.uz сайтида ўқинг.
«Газ борган сари камайиб боради»
Баллон муаммоси хонадонларни қийнаётган бўлса, иссиқхона эгалари олдида ундан ҳам катта савол турибди: газ умуман бўладими? 16-ноябр куни Савдо-саноат палатасидаги очиқ мулоқотда энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мамадминов давлат иссиқхоналарни узлуксиз газ билан таъминлашни кафолатлай олмаслигини очиқ айтди.
«Биласиз, газ қазиб чиқариш ҳажми йилдан-йилга камайиб кетяпти», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, захиралар тугаб бормоқда, совуқда эса қувурларда босим тушиб, таъминот янада чекланади. Иссиқхоналарга муқобил ечимлар тавсия қилинди: пропан-бутан, пеллет, геотермал иситиш.
Тадбиркорларнинг айтишича, янги иссиқхоналарга газга уланиш учун рухсат берилмаяпти, экологик талаблар туфайли кўмирга ҳам ўтиб бўлмайди. Бир гул етиштирувчи вазиятни шундай таърифлади: экин пишай деб турганда газ узилса, «ҳамма нарсамиз ҳавога учиб кетади». Улар муқобил иситишга ўтишга рози, лекин бунинг учун маблағ ва вақт керак. Бир ойда буни қилиш имконсиз.
Газ камайиб бораётгани энди сир эмас. Савол шундаки, унга тайёрланиш учун вақт бериладими?
Ҳар олтинчи киловатт йўлда йўқоляпти
Вазирлик газдан электрга ўтишни маслаҳат бермоқда. Аммо электрнинг ўзида ҳам муаммо кам эмас, буни бу ҳафта президентнинг ўзи танқид қилди. 19-ноябр куни Ўзбекистон ва Туркия ишбилармонлари билан йиғилишда Шавкат Мирзиёев электр ишлаб чиқариш қувватлари ошаётганини айтди: қуёш ва шамол станциялари қуриляпти, гидроэнергетика ривожланяпти. Аммо электрни истеъмолчига етказадиган тақсимлаш тармоқлари ҳануз эскича ишлаяпти, модернизация эса суст. Рақамлар ҳам шуни кўрсатади.
2026-йилнинг биринчи ярмида мамлакат бўйича 4,8 миллиард киловатт-соат, яъни 17,2 фоиз электр тармоқда йўқолган. Оддий қилиб айтсак, деярли ҳар олтинчи киловатт истеъмолчига етиб бормайapти. Айрим туманларда йўқотиш 20 фоиздан ҳам ошиши мумкин.
Туркиянинг «EKSIM Holding» компанияси билан Бухоро вилояти тармоқларини модернизация қилиш ва бошқарувга бериш бўйича музокараларни тезлаштириш топширилди. Компания вакиллари Бухородаги инфратузилмани ўрганган ва маъқулланса, бошқарувни ўз зиммасига олишга тайёрлигини билдирган. Ҳозирча якуний келишув йўқ. Самарқандда эса бу йўл аллақачон синалмоқда: Туркиянинг «Aksa Elektrik» компанияси вилоят тармоқларини бошқариш ва модернизация қилиш лойиҳасини амалга оширяпти. Дастлабки 12 йилда бу лойиҳа доирасида 357 миллион доллар инвестиция жалб қилиш кўзда тутилган.
Энергетикада ўринлар алмашди
Шу ҳафта вазирликнинг ўзида ҳам ўринлар алмашди. Иссиқхона эгаларига «газ камайиб боради» деган Умид Мамадминов энди Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигига раҳбар. У 24-июндан бери энергетика вазирининг биринчи ўринбосари эди. Унинг ўрнини «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» бошқаруви раиси Абдумалик Назиров эгаллади. У 2002-йилдан бери энергетика соҳасида ишлайди.
Вазир ўринбосари этиб Отабек Омонов тайинланди. У бунгача Атом энергияси агентлигининг АЭС қурилиши дирекцияси директори ўринбосари эди.
Янги жамоа олдидаги саволлар маълум: навбатлар қисқарадими, баллон вақтида келадими, йўқолаётган киловаттлар топиладими? Жавобни қиш кўрсатади.
Мижозлар пули қиморга кетди
Пулни фирибгар эмас, ишониб топширган одамингиз йўқотса-чи? Андижонда банк ходими мижозларнинг 3,2 миллиард сўмдан ортиқ, тахминан 250 минг долларлик пулини ўзлаштириб, онлайн қиморга тикканликда гумонланмоқда. Тергов департаменти маълумотига кўра, у мижозларнинг халқаро пул ўтказмалари учун мўлжалланган маблағларини ўзининг халқаро пластик картасига ўтказиб олган. Камомад пулни эгаларига қайтариш вақти келганда очилган. Гумонланувчи қилган ишидан афсусда экани, қимор туфайли оиласи ва ҳамкасбларидан айрилганини айтган.
Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан иш қўзғатилди. Гумонланувчи қамоққа олинган, иш судга юборилган.
Уч киши, 768 миллиард сўм
Тошкентда рақамлар бундан ҳам катта бўлди. Яшнобод туманида криптоактивлар билан ноқонуний савдо қилганликда гумонланган уч киши қўлга олинди. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, улар турли давлатлар валютасидаги пулни криптоактивларга айирбошлаб, молиявий операциялар ўтказган. Гумонланувчиларнинг қурилмаларида 64 миллиондан ортиқ USDT, яъни қарийб 768 миллиард 380 миллион сўмлик операциялар аниқланган. Саккизта телефон ва иккита ноутбук ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси билан иш қўзғатилди, тергов давом этмоқда.
Колониядан туриб наркодўкон: мансабдор 11 йилга қамалди
Пул ҳам, жиноят ҳам тобора онлайнга кўчяпти. Энг ҳайратланарлиси, бундай «бизнес»ни ҳатто колониядан туриб ҳам бошқариш мумкин экан. Суд ҳужжатларига кўра, Тошкентдаги колонияда маҳкумга алоҳида хона ажратиб, телефон орқали наркодўкон юритишига шароит яратган колония бошлиғи ўринбосари 11 йилга қамалди. Қ.Қ. 2024-йил 26-ноябрда колония бошлиғининг тезкор-қидирув ишлари бўйича ўринбосари этиб тайинланган. У айнан сақлаш режимига риоя этилишини назорат қилиши ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиши керак эди.
Суд ҳужжатига кўра, маҳкум Д.Д. уни уюшган гуруҳга жалб қилган, ўринбосар эса моддий манфаат эвазига маҳкумга шароит яратиб берган. 2025-йил 26-январдан маҳкум реабилитация марказининг иккинчи қаватидаги ходимлар учун ажратилган, видеокузатув камераси бўлмаган хонага жойлаштирилган. У хонани ўзи учун жиҳозлатиб, ёлғиз яшаган ва колония ҳудудида эркин юрган.
Қоғозда у 2025-йилнинг апрелидан 2026-йилнинг январигача навбатчи сифатида рўйхатга киритилган, амалда эса ҳеч қандай иш қилмаган. Бошлиқ ўринбосари етказиб берган телефон орқали маҳкум 2025-йил октябр–ноябр ойларида таниши Ж.С. ва бошқа шахслар билан Telegram’да «Druid» номли наркодўкон очган. Гиёҳвандлик воситалари Тошкентга олиб келиниб, Сергели туманидаги яширин жойларга қўйилган. Гуруҳнинг ташқаридаги аъзолари уларни қадоқлаб тарқатган.
Судда Қ.Қ. айбини тан олмаган: маҳкумларни жойлаштириш унинг ваколатига кирмагани, телефон ва савдодан хабари бўлмаганини айтган. Аммо суд унинг телефон рақами жойлашуви, автомобили ҳаракати, юзлаштириш баённомаси ва бошқа далилларни асос қилиб олди.
Чилонзор туман суди уни пора олиш моддаси бўйича оқлади. Бироқ мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш (ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми «б» банди) ва гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш (273-моддаси 5-қисми) бўйича айбдор деб топди. Унга 3 йил ИИО тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди, жазони умумий тартибли колонияда ўтайди. Колония аслида жазо ўталадиган жой бўлиши керак эди. Бу ҳикояда эса у офисга айланган.
Саид Абдулазиз Юсупов 10 йилга қамалди
Яна бир ҳукм бу ҳафта ҳарбий суддан чиқди. «Kun.uz» маълумотига кўра, 20-ноябр куни ҳарбий суд Саид Абдулазиз Юсуповни конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва оғирлаштирувчи ҳолатларда туҳмат қилишда (ЖКнинг 159-моддаси 3-қисми ва 139-моддаси 2-қисми) айбдор деб топди. У 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Бу Юсуповнинг биринчи судланиши эмас. У 2019-йилнинг майида қўлга олинган, унга ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик ва пора бериш айбловлари қўйилган. Дастлаб 6,5 йил қамоқ жазоси тайинланган, кейин жаза 2,5 йил ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган. У 2020-йил 8-июлда озод этилган. Ўшанда Олий суд раиси ўринбосари зарар тўлиқ қоплангани учун қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланганини айтган эди.
Қўшнига йўл кенгайди
Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги «Ғишткўприк» ва «Жибек жоли» божхона постлари модернизациядан сўнг очилди. Божхона қўмитаси маълумотига кўра, янгиланган постлар чегарадан ўтувчи фуқаролар ва транспорт воситалари учун қулайлик яратади.
Очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Қозоғистон молия вазири Мади Такиев ва икки давлат божхона органлари раҳбарлари иштирок этди. Икки давлат делегациялари рамзий лента кесди. Қиш фаслида фақат «заправка»да эмас, чегарада ҳам навбат бўлади. Энди янги постлар у ердаги навбатни қисқартирадими ёки йўқми, буни йўловчилар айтади.
Бу ҳафта президент нималар қилди?
Икки ҳафта олдин Иорданиядаги тадқиқот маркази Шавкат Мирзиёевни дунёнинг энг нуфузли 50 мусулмони қаторига киритгани ҳақида ёзган эдик. Бу ҳафта эса президентнинг ўзи Иорданияга борди. Подшоҳ Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг таклифига биноан президент 23–24-ноябр кунлари бу мамлакатда давлат ташрифи билан бўлди. Парвоз чоғида у набираси Шавкатбекка мактуб ёзгани ҳам эълон қилинди.
Уммонда президент ва унинг рафиқасини Подшоҳ Абдулла II ва Малика Рания ал-Абдулла кутиб олди. Раҳбарлар орден алмашди: подшоҳ президентни «Ал Ҳусайн ибн Али» ордени билан тақдирлади, Мирзиёев эса подшоҳга «Олий даражали Дўстлик» орденини топширди. Ташриф давомида 19 та ҳужжат имзоланди, икки давлат стратегик шерикликка ўтди. Имзоланган ҳужжатлар орасида энг муҳими имтиёзли савдо тўғрисидаги битим. Унинг ёрдамида ўзаро савдони 500 миллион долларга етказиш кўзда тутилган.
Ватанга қайтгач, президент хорижий ташрифлар натижалари бўйича йиғилиш ўтказди. Унда 16–17-ноябр кунлари бўлиб ўтган Уммон сафари ҳам сарҳисоб қилинди: у ерда 30 дан ортиқ ҳужжат имзоланиб, 5 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар портфели шакллантирилган. Туркия билан эса 19-ноябр куни Тошкентда катта қадам ташланди: Туркиянинг 150 дан ортиқ компанияси иштирокида ўтган бизнес кенгашида 11,2 миллиард долларлик инвестиция ва савдо келишувларига эришилди. Электр тармоқлари танқид қилинган йиғилиш ҳам айнан шу куни бўлган эди. Ҳар бир давлат бўйича муддатлари ва масъуллари кўрсатилган «йўл хариталари» тузиш топширилди. Йиғилишда 2027-йилда Ўзбекистонда ўтадиган йирик халқаро тадбирларга тайёргарлик ҳам муҳокама қилинди.
Ҳафта давомида президент бир қанча тақдимотлар билан танишди: тадбиркорлик ва бандлик, чорвачиликда озуқа базаси, туризм ва қўриқлаш хизматлари. Қўриқлаш хизматлари бўйича тақдимотда аҳоли учун янги хизматлар таклиф қилинди. «Ақлли ва хавфсиз уй» концепцияси асосида хонадонларга назорат қурилмалари ўрнатилади, телефон орқали тезкор ёрдам чақирадиган виртуал «SOS» тизими ишга тушади. Кўп қаватли уйларга домофон ва ташвиш тугмалари ўрнатиш ҳам режалаштирилган. 2027-йилда қўриқланадиган объектлар сонини 337 мингтадан 600 мингтага етказиш мақсад қилинган.
Ҳафта якунида президент Фарғона вилояти бўйича йиғилиш ўтказди. Вилоят учун камида 20 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари портфели шакллантирилган. 2027-йилда вилоятга 6,1 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, экспортни 2 миллиард долларга етказиш ва 1,1 миллион кишининг даромадини икки баробар ошириш режалаштирилган. Президент энди аҳоли даромадини ошириш ҳудуд раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонларидан бири бўлишини айтди. Яъни ҳокимлар энди ҳисоботдаги фоизлар билан эмас, аҳолининг чўнтаги билан баҳоланади. Шунингдек, президентга «Ўзмиллийбанк» фаолияти ва келгусидаги вазифалар бўйича ахборот берилди.
Банкадаги тоғ ҳавоси: литри 50 минг сўм
Жиддий хабарлардан кейин энди бироз нафас оламиз, тўғри маънода. Ижтимоий тармоқларда «Zo‘r TV»даги кўрсатувдан лавҳа тарқалди. Унда бир тадбиркор аёл тоғнинг тоза ҳавосини банкаларга солиб, пойтахтда сотиш ғоясини тақдим этди. Унинг айтишича, Тошкент ҳаво ифлосланиши бўйича сўнгги бир йилдан бери биринчи-учинчи ўринлардан тушмаяпти. Шунинг учун у «TTX», яъни «Табиий тоза тоғ ҳавоси» фирмасини очмоқчи ва кўрсатувда 500 миллион сўм ютса, пулни шу ишга сарфламоқчи. Нархлар: бир литрли банка 50 минг, икки литрлиси 100 минг, уч литрлиси эса улгуржи чегирма билан 120 минг сўм. Ҳаво тоғнинг айнан қаеридан олиниши «фирма сири».
Лавҳа тармоқларда тез тарқалиб, кулгуга олинди. Буни қарангки, дунёда бу ғоя аллақачон пул келтирган. 2014-йилда канадалик «Vitality Air» компанияси Банф тоғлари ҳавосини баллонларга солиб, смогдан қийналаётган Хитойга сота бошлади. Дастлабки 500 та баллон қисқа вақтда сотилиб кетган. Британиялик Лео Де Ватс эса «Aethaer» компанияси орқали қишлоқ ҳавосини 580 миллилитрлик банкаларда 80 фунт стерлингдан, яъни тахминан 115 доллардан сотган. Унинг асосий харидорлари Пекин ва Шанхай аҳолиси бўлган.
Алифбо ўзгарди, пул-чи?
Ва ниҳоят, ҳамёнингизга бевосита тегишли хабар. Алифбодаги айрим ҳарфларнинг ёзилиши ўзгаргач, «қўлимдаги пулларни алмаштириш керакми?» деган савол туғилди. Марказий банк тинчлантирди: керак эмас. Амалдаги пуллар билан аввалгидек харид қилиш ва тўлов қилиш мумкин.
17-ноябр куни нақд пул муомаласи бўйича янги йўриқнома давлат рўйхатидан ўтказилди. Унга кўра, пул белгиларидаги барча ёзувлар давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши керак. Келажакда янги алифбодаги банкнотлар чиқса, улар ҳозирги пуллар билан ёнма-ён муомалада бўлади. Чиқарилиши ҳақида камида бир ҳафта олдин расмий эълон қилинади. Хуллас, ҳарфлар ўзгарса ҳам, пулдаги ноллар жойида.
Teglar






