Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги ташкилотнинг 1 млрд 200 млн сўмдан ортиқ, Хоразм давлат ўрмон хўжалигининг 970 млн сўмдан ортиқ ва «Хива шаҳар йўллардан фойдаланиш» корхонасининг 930 млн сўмлик тендерларида қонун бузилиш ҳолатлари кузатилди.
Рақобат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси 2024–2026-йиллар давомида ўтказилган давлат харидлари ва тендерларни ўрганиш натижасида жами 1 минг 675 та қонунбузилиш ҳолати аниқлади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг ўтган даврида бошланғич нархи жами 83 млрд 500 млн сўм бўлган 322 та танлов савдосида рақобат қонунчилиги талаблари бузилган.
Ўрганишлар давомида айрим тендерларда муайян корхоналарга устунлик берадиган талаблар қўйилгани аниқланган. Шунингдек, бир-бирига алоқадор корхоналарнинг бир савдода иштирок этиши ва қатнашчилар таклифларини нотўғри баҳолаш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Қайси ташкилотларнинг тендерларида қоидабузарликлар аниқланган?
Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, Чапқирғоқ Амударё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасининг 1 млрд 200 млн сўмдан ортиқ қийматдаги танлов савдоларида қонунбузилиш аломатлари аниқланган.
Бундан ташқари, Хоразм давлат ўрмон хўжалигининг 970 млн сўмдан ортиқ ҳамда «Хива шаҳар йўллардан фойдаланиш корхонаси» давлат муассасасининг 930 млн сўмлик тендерларида ҳам рақобат қонунчилиги талаблари бузилиши ҳолатлари қайд этилган.
60 га яқин мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилган
Қўмита маълумотига кўра, сўнгги уч йил давомида ўтказилган ўрганишлар натижасида 60 га яқин мансабдор шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Ушбу баённомалар тегишли тартибда суд органларига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Талимаржон» ИЭСнинг 1 млрд 200 млн сўмлик танлов савдоси бекор қилинганди.