Logo

Маст ҳолда такроран автомобил бошқарганлик учун икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда

Bugun 16:102 daqiqa

Сенат йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жазоларни кучайтирувчи қонунни маъқуллади. Шунингдек, вояга етмаганларга рул берганлик, тезликни кескин ошириш ва йўл безорилиги учун ҳам жазолар кучайтирилади.

Маст ҳолда такроран автомобил бошқарганлик учун икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда маст ҳолда транспорт воситасини такроран бошқарганлик учун бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш, тезликни соатига 80 километрдан ортиқ оширганлик учун эса 65 БҲМ миқдорида жарима ва олти ойга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг 28-ноябр куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлисида маъқулланган «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунда маълум қилинди.

Жиноят кодексининг 261¹-моддасига киритилаётган ўзгартиришларга мувофиқ, маст ҳолда такроран автомобил бошқарган шахслар бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум этилади. Қайд этилишича, 2024 йилда маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 11 994 та, 2025 йилда эса 13 521 та ҳуқуқбузарлик аниқланган.

Шунингдек, Жиноят кодексига янги 261³-модда киритилмоқда. Унга кўра, вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш оқибатида ўртача оғир ёки оғир тан жароҳати етказилса, турли жазолар, жумладан, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилмоқда. Мазкур ҳаракат одам ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

Вояга етмаганларга транспорт воситасини бошқаришни топширганлик учун маъмурий тартибда 50 БҲМ миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси қўлланиши назарда тутилган. Маълумотларга кўра, 2025 йилда 14 ёш ва ундан кичик ёшдаги шахслар иштирокида 168 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Тезликни ошириш ва йўл безорилиги учун жазолар

Қонунда белгиланган тезликни оширганлик учун жарималар миқдори қуйидагича белгиланмоқда:

— соатига 40 километрдан ортиқ оширганлик учун — 25 БҲМгача;

— соатига 60 километрдан ортиқ оширганлик учун — 45 БҲМгача;

— соатига 80 километрдан ортиқ оширганлик учун — 65 БҲМ миқдорида жарима ва транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ойга маҳрум қилиш.

Маълумот учун, 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида тезликни соатига 40–60 километрга ошириш билан боғлиқ 19 719 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган.

Бундан ташқари, қонун билан йўл безорилиги ва ноқонуний автомобил пойгалари, хавфли манёврлар, дрифт ҳамда бошқа ҳаракат иштирокчиларига қасддан тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. 2025-йилда йўл безорилиги билан боғлиқ 604 та, 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида эса 572 та ҳуқуқбузарлик қайд этилган.

Сенаторларнинг таъкидлашича, қонундан кўзланган мақсад нафақат жазоларни кучайтириш, балки хавфли қоидабузарликларнинг олдини олиш, ҳайдовчилар масъулиятини ошириш ва йўлларда инсонлар ҳаётини асрашдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича жарималар ва балл ҳисоблашнинг янги тартиби белгиланганди

Teglar

Mavzuga oid

Маст ҳолда такроран автомобил бошқарганлик учун икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда | Vaqt.uz