Logo

«Иссиқлик тармоқлари қишга 100 фоиз тайёр» — вазир ўринбосари

Bugun 19:192 daqiqa

Қурилиш вазири ўринбосари Озода Жўраева Тошкентда иссиқлик таъминоти узлуксизлигини таъминлаш учун ёқилғи, генератор ва бошқа захиралар тайёрланганини маълум қилди.

«Иссиқлик тармоқлари қишга 100 фоиз тайёр» — вазир ўринбосари © Foto: minstroy

Тошкентда иссиқлик таъминоти узлуксизлигини таъминлаш учун зарур захиралар тайёрланган, иссиқлик тармоқлари ва қозонхоналар эса куз-қиш мавсумига 100 фоиз тайёр. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева 27-ноябр куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Журналистнинг иссиқлик таъминоти узлуксиз берилишига кафолат бера олиши ҳақидаги саволига жавобан Жўраева жорий йилда давлат бюджетидан иссиқлик таъминоти соҳасига қарийб 1 трлн сўм йўналтирилганини билдирди.

«Вазир ўринбосари сифатида мен ҳар бир йўналтирилган сўмнинг мақсадли ва самарали ишлатилишига албатта кафолат бераман», — деди у.

Унинг айтишича, бугунги кунда иссиқлик таъминоти билан қамраб олиш даражаси 37–38 фоизни ташкил этади. 2030-йилгача бу кўрсаткични 58 фоизга етказиш, модернизатсия лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш режалаштирилган.

Фавқулодда вазиятлар учун захиралар ва тайёргарлик


Вазир ўринбосари коммунал соҳалар бир-бири билан чамбарчас боғлиқлигини, бир тармоқдаги узилиш бошқасига бевосита таъсир қилишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, қозонхоналарнинг барқарор ишлаши газ босими, электр энергияси ва сув таъминотига боғлиқ.

Газ босими пасайган ҳолатларда фойдаланиш учун қўшимча горелкаларга дизел ёқилғиси захираланган. Электр таъминотида узилишлар юз берганда эса генераторлар ишга туширилиши кўзда тутилган. Озода Жўраева авария ҳолатлари тезкорлик билан бартараф қилингунга қадар ушбу захиралар ишлаши таъминланганини қайд этди.

«Ўз томонимиздан тайёргарлик тўлиқ [бажарилган]. Иссиқлик тармоқлари, қозонхоналар куз-қишга 100 фоиз тайёр деб айта оламан. Фавқулодда вазиятларни инобатга олган ҳолда барча захира материалларимиз, 24/7 диспетчерлик хизматларимиз ҳам шай ҳолатда», — деди у.

Қурилиш вазири ўринбосарининг қўшимча қилишича, коммунал соҳа ходимлари юзага келиши мумкин бўлган аварияларни тезкор бартараф этиш учун кеча-ю кундуз ишлайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айримларга иситиш мавсумида 1 млн сўмлик моддий ёрдам берилиши ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid