Logo

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли ишга тушиши билан юк ташиш ҳажми 10 карра ошади

Юк вагонларини импорт қилиш қўшилган қиймат солиғидан озод этилади. Темирйўл линиясидан фойдаланиш тўловига 20 фоизгача чегирма берилади. Халқаро юк ташиш учун маҳаллий вагонларни тақдим этишда қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси қўлланилади.

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли ишга тушиши билан юк ташиш ҳажми 10 карра ошади © Sputnik

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темирйўли ишга тушиши билан юк ташиш ҳажми 10 карра ошиб, йилига 15–16 миллион тоннага етиши кутилмоқда. Бу ҳақда президент Автомобил йўллари қўмитасининг илмий-амалиёт марказида транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилди.

Давлат раҳбари миллий темирйўл инфратузилмасини шунга мос равишда ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Президент матбуот котибининг ёзишича, бугунги кунда темирйўлларнинг 25 фоизи тўлиқ қувватда, 15 фоизи эса ортиқча юклама билан ишламоқда. 2030-йилгача 545 километр янги темирйўл линияларини қуриш, электрлаштирилган йўллар улушини 65 фоизга, электропоездлар паркини 31 тага етказиш режалаштирилган.

Келгуси йилда Ангрен – Поп темирйўл линияси модернизация қилинади, ушбу йўналишда иккинчи линия қуриш масаласи ҳам кўриб чиқилади. Апрел ойидан Тўқимачи – Ангрен йўналишида иккинчи темирйўл қурилиши бошланади.

Шунингдек, Тошғузор – Қумқўрғон участкаларининг модернизацияси якунланади, Андижон – Хонобод ва Қумқўрғон – Қудуқли йўналишлари тўлиқ электрлаштирилади, Тошкент – Самарқанд йўналишида алоҳида юқори тезликдаги линия қуришга киришилади. Президент халқаро молия ташкилотлари ва инвесторларни умумий қиймати 8 миллиард долларлик мазкур лойиҳаларда ҳамкорлик қилишга чақирди.

Юк вагонларига бўлган талаб йилдан йилга ошиб бораётгани, шу боис, вагонлар паркини ҳар йили 5–6 мингтага кўпайтириш зарурлиги айтилди. Бунинг учун тадбиркорларга қатор енгилликлар яратилади.
Хусусан, юк вагонларини импорт қилиш қўшилган қиймат солиғидан озод этилади. Темирйўл линиясидан фойдаланиш тўловига 20 фоизгача чегирма берилади. Халқаро юк ташиш учун маҳаллий вагонларни тақдим этишда қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси қўлланилади.

Президент Жаҳон банки билан биргаликда темирйўл соҳасида янги тариф сиёсати ишлаб чиқилганини маълум қилди. Мутасаддиларга 2027-йилдан ушбу сиёсатни босқичма-босқич татбиқ этишни бошлаш топширилди. Келгуси йилдан ҳар бир йўналиш бўйича темирйўл линиясидан фойдаланиш, локомотив ва вагон учун тўловлар алоҳида кўрсатиладиган тизимни жорий этиш вазифаси қўйилди.

«Бизга бугун арзон қурилиб, эртага яна бюджетдан пул талаб қиладиган йўл эмас, узоқ йил хизмат қиладиган сифатли йўл керак», — деди давлат раҳбари.

Полимер битумдан тўғри технология асосида фойдаланиш йўлнинг хизмат муддатини 3–4 йилга узайтириш, юқори ҳароратга чидамлилигини ошириш ва такрорий таъмирлаш харажатларини камайтириш имконини беради.

Келгуси йилнинг март ойидан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 50 минг тонна полимер битум ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Йил якунига қадар ишлаб чиқариш қувватини камида 100 минг тоннага етказиш топширилди

Урганч – Хива пулли йўлининг асфалт-бетон қопламасида илк бор геотекстил материали қўлланилди. Айтилишича, ушбу технология юкламани тенг тақсимлаш, қопламани деформациядан сақлаш ва йўлнинг хизмат муддатини 4–5 йилга узайтиришга хизмат қилади. Мутасаддиларга полимер битум ва геотекстил технологияларидан фойдаланишни йўл қурилиши стандартларига киритиш вазифаси қўйилди.

Келгуси йилдан халқаро аҳамиятдаги йўлларни қуриш ва реконструкция қилишда мазкур талаб мажбурий бўлади, кейинчалик давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларга ҳам татбиқ этилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга юк ташиш ҳажми беш йилда 53 баробар ошганди. Хитой ва Марказий Осиё ўртасида автомобил транспорти орқали юк ташиш темирйўл транспортига нисбатан тезроқ ўсмоқда.

Teglar

Mavzuga oid