Logo

Октябр ойида қайси банкларда муаммоли кредитлар кўпайди?

Bugun 16:053 daqiqa

Ой давомида 35 та банкдан 21 тасида муаммоли кредитлар (NPL) кўпайди. NPL ўсишида давлат банклари асосий ролни ўйнади. Энг сезиларли ўсиш «O‘zmilliybank»да (+667,4 млрд сўм) кузатилди. Нодавлат банклар орасида эса NPL миқдори «ANORBANK»да энг кўплигича қолмоқда.

Октябр ойида қайси банкларда муаммоли кредитлар кўпайди? © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк маълумотларига кўра, 2026-йил 1-ноябр ҳолатига тижорат банкларининг жами кредит портфели 672,1 трлн сўмни ташкил этди. Октябр ойида банклар портфели 13 трлн сўмга ёки 2 фоизга ошди.

Ўз навбатида, муаммоли кредитлар (NPL) ҳам ой давомида 1,37 трлн сўмга ёки 5,5 фоизга ортиб, 26,41 трлн сўмга етди. Натижада NPL’нинг портфелдаги улуши 3,8 фоиздан 3,93 фоизга кўтарилди.

Октябрда 35 та банкдан 21 тасида муаммоли кредитлар ошди, 12 тасида камайди.

Давлат банклари NPL ўсишининг асосий манбаи бўлди

Давлат улуши мавжуд 9 та банкнинг кредит портфели 433,6 трлн сўмга етди. Улардаги муаммоли кредитлар бир ойда 16,94 трлн сўмдан 18,12 трлн сўмга кўпайди, яъни 1,18 трлн сўмга (6,9 фоиз) ошди. Бу банк тизими бўйича NPL ўсишининг 86 фоизи демакдир.

1

Энг кескин ўзгариш «O‘zmilliybank»да кузатилди. Банкнинг муаммоли кредитлари бир ойда 667,4 млрд сўмга (21,5 фоиз) кўпайиб, 3,77 трлн сўмга етди. Бу бутун тизимдаги ўсишнинг қарийб ярмига тенг. Портфелдаги NPL улуши 2,99 фоиздан 3,54 фоизга ошди.

Шунингдек, «Mikrokreditbank»да NPL 190,8 млрд сўмга (7 фоиз) ошиб, 2,93 трлн сўмга етди. Портфелдаги NPL улуши эса 11,75 фоизгача кўтарилди. Бу давлат банклари орасида энг юқори кўрсаткичдир.

Давлат банклари орасида фақат иккитасида NPL қисқарди. «O‘zsanoatqurilishbank»да муаммоли кредитлар 56,6 млрд сўмга (3,2 фоиз) камайиб, 1,74 трлн сўмга тушди, портфелдаги улуши эса 2,92 фоизни ташкил этди. «Xalq banki»да NPL 7,3 млрд сўмга камайиб, 1,58 трлн сўмга тушди, улуши 4,14 фоиздан 4,04 фоизга пасайди.

Бошқа банклар

Қолган 26 та банкнинг кредит портфели 238,5 трлн сўмни ташкил этди. Уларда муаммоли кредитлар 192 млрд сўмга (2,4 фоиз) кўпайиб, 8,29 трлн сўмга етди.

Рисунок2

Энг кўп ўсиш икки банкда кузатилди:

●     «Orient Finans bank»: NPL 107,4 млрд сўмга (18,9 фоиз) кўпайди, улуши 3,94 фоиздан 4,48 фоизга ошди.

●     «Hayot Bank»: NPL 105,7 млрд сўмга, яъни бир ойда 45,6 фоизга ошди. Улуши эса 3,05 фоиздан 4,26 фоизга кўтарилди.

«ANORBANK» NPL миқдори бўйича нодавлат банклар орасида етакчи ҳисобланади. Октябрда банкнинг муаммоли кредитлари 47,3 млрд сўмга кўпайиб, 1,23 трлн сўмга етди.

Муаммоли кредитлар улуши энг юқори ва энг паст банклар

Портфелдаги NPL улуши бўйича энг юқори кўрсаткич «Madad Invest bank» («mybank» бренди)да қайд этилган. Банкнинг 581 млрд сўмлик кредит портфелидан 253 млрд сўми, яъни 43,6 фоизи муаммоли ҳисобланади.

Кейинги ўринларда қуйидаги банклар турибди:

●     «Poytaxt bank»: 14,4 фоиз;

●     «TBC Bank»: 13,5 фоиз;

●     «Mikrokreditbank»: 11,8 фоиз;

●     «ANORBANK»: 9,3 фоиз;

●     «AVO Bank»: 7 фоиз;

●     «Garant bank»: 5,9 фоиз;

●     «Biznesni rivojlantirish banki»: 5,8 фоиз;

●     «Tenge Bank»: 5,3 фоиз.

NPL улуши энг кам банклар:

●     «KDB Bank» ва «Octobank»: муаммоли кредитлар умуман қайд этилмаган.

●     «APEX BANK»: NPL 3,7 млрд сўм, улуш 0,1 фоиз.

●     «Uzum Bank»: NPL 900 млн сўм атрофида, улуш 0,2 фоиз.

●     «Open Bank»: улуш 0,4 фоиз.

●     «Tayanch mikromoliya banki»: улуш 0,7 фоиз.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойида Ўзбекистон банкларидаги муаммоли кредитлар ҳажми 25 трлн сўмдан ошганди. Ўшанда NPL ҳажми бўйича «Agrobank», «O‘zmilliybank» ва «Mikrokreditbank» етакчилик қилган, улуш бўйича эса «Madad Invest bank», «Poytaxt bank» ва «TBC Bank» юқори ўринларни эгаллаган.

Teglar

Mavzuga oid