23-ноябр куни бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаевнинг тадбиркорлар билан учрашувида «City Palace» меҳмонхонаси ўрнида 540 хонали, 41 қаватли мажмуа қуриш таклифи муҳокама қилинганди.
Урбанизация қўмитаси таклиф юзасидан муносабат билдириб, аввало ҳудуддаги электр, сув ва йўл тармоқлари янги мажмуа сабаб ортадиган юкламани кўтаришга тайёр эмаслигини айтди.
Қўмита ҳудудга инвестиция киритиш ва янги меҳмонхона қуришга қарши эмаслигини билдирган. Таклиф этилган бино эса бош режада белгиланган чегарадан қарийб олти баравар баланд. Лойиҳа амалга ошса, меҳмонхонадаги хоналар сони 4,5 баравар кўпаяди.
Электр, сув ва йўл тармоқларига тушадиган юклама
Қўмитага кўра, электр таъминоти тизимида захира қуввати қолмаган. Чунки подстанцияларда захира қувват бўлиши учун юклама 50 фоиздан ошмаслиги керак. Ҳудуддаги подстанциялар эса ҳозир 70 фоиз юклама билан ишлаяпти. Ҳисоб-китобларга кўра, янги мажмуа бу юкламани яна 10–15 фоизга оширади.
Ичимлик сувини етказиш ҳам муаммоли. Чунки мавжуд сув тармоғининг захираси мажмуа эҳтиёжининг 65 фоизини қоплай олади. Қолган 35 фоизини таъминлаш учун қўшимча қувват яратиш керак бўлади.
Шунингдек, тиғиз соатларда Навоий ва Амир Темур кўчаларидаги транспорт оқими меъёрдан ошиб, 60 фоиздан юқори бўлади. Янги меҳмонхона эса бу кўчалардаги транспорт оқимини яна 5–6 фоизга оширади.
Қўмита 41 қаватли бино учун зилзилабардошлик, ёнғин хавфсизлиги, одамларни эвакуация қилиш ва шамол юкламаси бўйича ҳам алоҳида ҳисоб-китоблар талаб қилинишини таъкидлади.
«Захираси қолмаган тармоққа яна юк қўшилса, унинг оғирлиги шу ерда яшайдиган ва ишлайдиган одамларга тушади, пойтахтда эса инфратузилмаси муаммоли яна бир ҳудуд пайдо бўлади», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, лойиҳа Тошкентнинг бош режасига ва атрофдаги бинолар баландлигига мослаштирилиши лозим. Лойиҳа ҳужжатларида электр, сув, канализация ва транспорт тармоқлари учун қўшимча қувват қандай таъминланиши, зарур инфратузилма объектларини ким ва қачон қуриши аниқ кўрсатилиши керак. Шундан кейин лойиҳа белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон банки хусусий бизнес, ижтимоий ҳимоя, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва савдодаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун 800 млн доллар ажратмоқчи.