Logo

Афғонистон яқин кунларда Амударёдан сув олишни бошламоқчи

Bugun 08:102 daqiqa

Мамлакат Миллий тараққиёт корпорациясига кўра, Қўштепа каналининг қурилиш ишлари якуний босқичга етган.

Афғонистон яқин кунларда Амударёдан сув олишни бошламоқчи © Foto: ariananews.af

Афғонистонда Қўштепа каналининг қурилиши якуний босқичга кирди. Амударёдан каналга сув олиш «яқин орада» бошланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси 25 ноябрь куни эълон қилган видеохабарда маълум қилди.

Корпорация маълумотига кўра, каналнинг асосий қазиш ишлари қўрқув ва тўсиқларга қарамай якунланган. Айни пайтда канал трассаси бўйлаб 47 та кўприк ва назорат иншоотларини қуриш ишлари давом этмоқда.

Шунингдек, каналнинг бош қисмидаги тўғон ва сувни бошқариш иншоотлари ҳам қурилиш босқичида. Амударё суви дастлаб тўғонга, кейин эса каналнинг асосий ўзанига йўналтирилиши кутилмоқда.

Корпорация таъкидлашича, Қўштепа канали қурилиши раҳбариятнинг доимий назоратида олиб борилмоқда ва лойиҳани тезроқ якунлашга ҳаракат қилинмоқда.

Қўштепа канали Афғонистоннинг йирик ирригация лойиҳаларидан бири ҳисобланади. Унинг ишга туширилиши мамлакат шимолидаги минглаб гектар қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш имконини бериши, шунингдек, ҳудудда аграр ишлаб чиқаришни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Бироқ каналнинг Амударё сув ресурсларига таъсири Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам муҳим масала ҳисобланади.

Маълумот учун, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев 19 ноябрь куниги матбуот анжуманида Қўштепа канали 2030 йилгача Амударёдан сув олмаслигини айтганди. Вазир сув кам бўладиган йилларда канал орқали қанча сув олиниши Афғонистон билан музокаралар мавзуси бўлишини таъкидлаган.

«Қўштепа канали ҳали қурилиш жараёнида. Афғонистон ҳам Амударёдан сув олишга ҳақли. Қанча сув олиши ва бошқа масалалар бўйича қурилиш тугаганидан кейин келишувлар имзолаймиз, деган келишувларимиз бор. Ҳали у каналдан сув олмаяпти... Қўштепа ҳали бир челак ҳам сув олгани йўқ. Канал қачон сув ола бошлаши ҳақидаги саволга эса «2030 йилгача олмаслиги аниқ», — деган эди Ҳамроев.

Teglar

Mavzuga oid