Шунингдек, илк бор меҳнат мигрантларининг ўзи ва оиласини таъминлаши учун зарур бўлган энг кам даромад даражаси белгилаб қўйилди.
2027 йил 1 январдан Москва шаҳрида хорижлик ишчилар учун меҳнат патенти нархи иш берувчига қараб ойига 11 минг ва 15,6 минг рублни ташкил этади. Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари учун илк бор энг кам даромад талаби жорий этилди. Бу ҳақда Москва шаҳар думасининг 25 ноябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисига таяниб ТАСС хабар берди.
Маълум қилинишича, депутатлар Москванинг солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган. Мазкур тузатишлар бешта шаҳар қонунига таъсир кўрсатади ва федерал қонунчиликнинг янги талабларини ҳисобга олади.
Ҳозирда Россия пойтахтида меҳнат патенти учун ойлик тўлов 10 минг рублни ташкил этмоқда. Янги тартибга кўра:
— ташкилотларда, якка тартибдаги тадбиркорлар (ЯТТ) қўлида ишловчи ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи хорижий фуқаролар учун патент нархи ойига 11 минг рубль бўлади;
— жисмоний шахсларда шахсий ва уй-рўзғор эҳтиёжлари учун ишловчи мигрантлар учун эса ойига 15,6 минг рубль этиб белгиланди.
Шунингдек, меҳнат мигрантларининг ўзи ва оиласини таъминлаши учун зарур бўлган энг кам даромад даражаси илк бор белгилаб қўйилди.
Унга кўра, икки кишигача бўлган оила учун бу миқдор камида 60 минг рубль, уч ва ундан ортиқ кишидан иборат оила учун эса 80 минг рубль бўлиши лозим.